Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида ўтаётган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилари кенгашининг тўққизинчи йиллик йиғилишида нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши минтақамизда илк бор ўтказилаётганини таъкидлади:
–Бу нуфузли анжуманнинг навбатдаги, тўққизинчи мажлиси учун айнан Ўзбекистон танланганини биз ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган ҳамкорлигимизнинг юксак намунаси, деб биламиз, – деди Президент..
Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистон муҳим глобал ва минтақавий масалаларни муҳокама қилиш, уларга самарали ечимлар топиш учун халқаро мулоқот майдонига айланиб бораётгани қайд этилди.
ОБИИнинг йиллик йиғилишида ҳам дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларидан 2 мингга яқин вакил қатнашмоқда.
–Ҳеч кимга сир эмас, дунёдаги таҳликали вазият кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Ҳозирда жаҳондаги мураккаб геосиёсий вазият, глобал иқтисодиётдаги беқарорлик, озиқ-овқат ва энергия ресурслари танқислиги, камбағаллик, экология муаммолари тобора ўткир тус олиб бормоқда. Масалан, ўртача глобал ҳарорат 2040 йилга қадар 1,5 даражага ортиши прогноз қилинган эди. Лекин ҳозирги вазиятда бу ҳолат 2030 йилдаёқ юз бериши мумкинлиги бизни жиддий хавотирга соляпти, – деди давлатимиз раҳбари.
Дунё аҳолисининг тўртдан бир қисми тоза ичимлик суви муаммосига дуч келмоқда. Иқлим ўзгариши суръатлари тезлашиши оқибатида озиқ-овқат танқислиги глобал хавфга айланди. Натижада дунёда 800 миллионга яқин аҳоли ўта оғир камбағаллик шароитида яшаяпти.
Турли минтақаларда авж олаётган зиддиятлар боис анъанавий логистика йўналишлари мутлақо ўзгаряпти. Маҳсулот етказиш занжиридаги узилишлар хомашё ва истеъмол товарларининг қимматлашишига сабаб бўляпти.
ЎзА