Адлия органлари томонидан жорий йилда 370 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилди. Шундан 40 мингдан ортиғи оммавий ахборот воситалари орқали аҳолига етказилди. 92 мингга яқин маълумотлар веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинди.
223 мингдан ортиқ семинар ва манзилли тарғибот тадбирлари ташкил қилинди ҳамда 15 мингга яқин кўргазмали ҳуқуқий тарғибот материаллари тарқатилди.
Бу Адлия вазирлиги масъуллари иштирокида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасида қилинаётган ишлар ва келгусидаги режалар бўйича ўтказилган матбуот анжуманида қайд этилди.
Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Фурқат Тожиев ҳуқуқий ахборотларни етказиш рақамлаштирилганини таъкидлади. Барча қонунчилик ҳужжатларини Ягона ҳуқуқий ахборот алмашиш тизими орқали давлат органлари ва ташкилотларга, маҳаллаларга етказиш йўлга қўйилди.
Ягона ахборот тизими орқали барча давлат органлари ва ташкилотларига 288 норматив-ҳуқуқий ҳужжат матнлари ҳамда 9 минг 455 маҳаллага 124 қонунчилик ҳужжати ва улар бўйича ҳуқуқий тарғибот материаллари тўплами етказиб берилди.
Маҳаллаларда 8 мингдан зиёд “Ҳуқуқий тарғибот куни” ўтказилди. 219 мингга яқин ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил этилди, қарийб 225 минг тарғибот материаллари тарқатилди.
“Мамлакат келажаги – қонунга итоаткор ва ҳуқуқбузарликка тоқатсиз ёшлар билан” ғояси асосида ёшлар билан 13,5 мингдан зиёд ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди. “Ҳуқуқий билимлар ойлиги” доирасида мактаб, лицей ва техникумларда семинар-тренинглар ўтказилди.
Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган 5 та ҳуқуқий акция ўтказилди. Жорий йил 18 сентябрда “2024-2025 йилларда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан 95 банддан иборат дастур тасдиқланди. Унда шахс, давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, тарғиботнинг инновацион усулларини жорий қилиш, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг илмий асосларини тадқиқ этиш каби йўналишлар қамраб олинди.
Дастур ижроси доирасида келгусида ўқувчилар ва талабалар ўртасида коррупцияга қарши муросасизлик туйғусини шакллантиришга қаратилган иншолар танлови ўтказилади.
Мактабларда “Ҳуқуқ оламига саёҳат” ўқув дастурлари жорий этилади. Мактабларда замонавий кўргазмали ўқитиш воситалари билан таъминланган “Ҳуқуқ синфлари” босқичма-босқич ташкил этилади.
Давлат хизматчилари ўртасида “Ҳуқуқий заковат” интеллектуал ўйини ўтказилади. Чекка ва олис ҳудудларда яшовчи хотин-қизлар учун “Аёлларга ҳуқуқий мадад” қўлланмаси бепул тарқатилади. Анъанавий умуммиллий Конституция имтиҳони ўтказилади. Аҳолининг барча қатламлари учун мўлжалланган, кундалик ҳаётда энг зарур бўлган ҳуқуқий билимларни мустақил ўргатиш бўйича мобиль илова яратилади.
“Advice.uz” ҳуқуқий ахборот порталидан 24/7 режимида фойдаланиш имкониятини яратиш мақсадида порталга сунъий интеллект тизимини жорий этиш чоралари кўрилади.
“Давлат ва ҳуқуқ асослари” фанидан электрон ресурслар, жумладан, электрон дарсликлар, ўқув-методик мажмуалар, видеодарсларни тайёрлаш ва улардан масофавий таълим жараёнида самарали фойдаланиш йўлга қўйилади.
Н.Абдураимова, ЎзА