Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш инсон саломатлигига жиддий зарар етказиши ҳақидаги ҳақиқатлар турмуш тарзимизда қайта-қайта такрорланишига қарамасдан, афсуски, ҳозирги кунда бутун дунёда тамаки истеъмол қилувчилар сони тобора ортиб бормоқда.
Мутахассисларнинг қайд этишича, сигарета таркибига кирувчи кимёвий моддалар истисносиз барча органларга зарар етказади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, сигарета чекиш камида 25 та касаллик тури билан боғлиқ. Сигарета дунёдаги ўлимнинг асосий сабаби ҳисобланади.
Дунёнинг аксарият мамлакатларида сигареталар сотиш ҳажми қисқараётгани сабабли, тамаки саноати электрон сигарета, қиздириладиган тамаки тизими каби маҳсулотларни сотиш ва илгари суриш ҳаракатига тушган. Асосий мақсад эса ёш авлодни никотинга ўргатиш ва унга қарам қилиш.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотида электрон сигареталарни чекиш бўйича етарли маълумотлар йўқ. Катта ёшдаги аҳоли орасида электрон сигареталарни чекиш даражаси ўрганилган 50 та мамлакат орасида анча фарқ мавжудлиги аниқланган. Бу кўрсаткич Эстонияда 11 фоизни ташкил қилса, Уругвайда 0,2 фоиздан иборат. Тадқиқот ўтказилган 60 та мамлакатнинг болалар ва ўсмирлари орасида электрон сигареталарни чекиш 8,8 фоизни ташкил қилиши маълум бўлган. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, аҳолининг 18-24 ёшдаги қатлами орасида электрон сигареталардан кўпроқ фойдаланилади.
Электрон сигареталар чекиш кўрсаткичлари аҳоли орасида қисқа даврлар ичида тез ўзгармоқда. АҚШда олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, юқори синф ўқувчилари орасида электрон сигареталардан фойдаланиш ўтган йилларга нисбатан 19,6 фоизга ошган. Ароматик электрон сигареталарни истеъмол қилувчилар улуши эса 65, 1 фоиздан 84,7 фоизга етган. Болалар ва ўсмирлар орасида электрон сигареталардан фойдаланиш кўлами шунга олиб келганки, АҚШнинг Бош жарроҳи бу муаммони 2019 йилдаги эпидемия деб эълон қилган. Англияда қонун билан тақиқланган бўлсада, 18 ёшга етмаган ҳар бешинчи бола ёки ўсмир электрон сигарета чекиб кўрган.
Аслида бир кун давомида бир донадан сигарета чекаётган шахслар чекувчи ҳисобланади.Таҳлилларга кўра, тамаки чекиш оқибатида дунёда ҳар йили ўртача 8 миллион киши ҳаётдан кўз юмади. Чекиш инсон умрини тахминан 10 йилга қисқартириши ҳам олимлар томонидан исботланган факт. Бу даҳшатли статистика ҳар бир чекувчи инсонни бу зарарли одатдан воз кечишга ундаши керак.
Хўш, Ўзбекистонда бу борада вазият қандай?
– Мамлакатимиз аҳолисининг (18-69 ёшдаги) 16,5 фоизи – эркакларнинг 32,9 фоизи, аёлларнинг 0,8 фоизи тамаки чекади, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тамакига қарши курашиш бўйича бош консультанти Шуҳрат Шукуров. – Афсуски, аёлларнинг аксарияти тамаки маҳсулоти истеъмол қилишини тан олмайди.
Электрон сигареталарни чекувчи ёшларнинг кўпчилиги оддий сигарета чекмайди, электрон сигареталар эса келажакда уларда никотинга қарамликни ривожлантиради. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш мумкинки, электрон сигареталар оддий сигареталарни чекишга “йўл очиб берувчи” сифатида кўрилади.
Айнан нотўғри тарғиботлар ва ранг-баранг рекламалар сабабли Ўзбекистон аҳолиси орасида тутунли ва тутунсиз тамаки чекиш урфга кирган. Хусусан, аҳолининг 9,4 фоизи (ҳар 11 нафардан 1 нафари) тутунли тамаки чекади. Уларнинг 0,5 фоизи аёллардир. Тутунли тамаки чекувчилар орасида сигарета асосий ўринни эгаллайди, яъни уни 86 фоиз чекувчилар чекади. Чекувчиларнинг 5,3 фоизи чилим, 2,4 фоизи тамаки қиздириш тизимидан фойдаланади. Аҳолининг 9,9 фоизи тутунсиз тамаки чекади. Тутунсиз тамаки чекувчиларнинг 89 фоизи носвой чекади.
13-15 ёшдаги мактаб ўқувчиларининг 1,7 фоизи тамаки чекиши аниқланган. Уларнинг 9 фоизи қиз болалардир. Ўсмирларнинг 7,7 фоизи ҳаётида бир марта бўлса ҳам чекиб кўрган. Ўзбекистонда 18-69 ёшдаги эркаклар орасида электрон сигареталардан фойдаланиш 0,4 фоизни ташкил этган бўлиб, бу кўрсаткич 18-29 ёшдаги эркаклар орасида икки марта кўп бўлган.
Агар мамлакатимизда ҳам чекишга қарши зарур чоралар кўрилмаса, электрон сигареталар чекувчи ёшлар ҳаёти давомида уч марта кўп оддий сигарета чекишга ўтади.
Ўқувчиларнинг ёнидан топилган тамаки маҳсулотларининг аксарияти никотинли снюслар, электрон, оддий сигареталар, носвой ҳамда тамакини қиздириш тизимидан иборат.
Тўғри, сўнгги йилларда эркаклар орасида тутунли тамаки чекиш даражаси бироз пасайгандек. Аммо ёшлар орасида “замонавий” тамаки ва никотин маҳсулотларини чекиш суръати жиддий равишда ўсиб бормоқда. Бундай вазият келгусида катта ёшдаги аҳоли ўртасида тамаки чекиш даражаси ўсишига олиб келади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА