Мамлакатимизда муҳим сиёсий кампания – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сайловига пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Жойларда партияларнинг сайловолди ташвиқоти ҳам қизғин паллага кираётир.
Янгиланаётган мамлакатимизда бу жараёнга тайёргарлик ишлари Сайлов кодекси ва “Референдум тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритиш бўйича конституциявий қонун доирасида амалга оширилмоқда. Шунга кўра, сайлов амалиётимизда сиёсий кампания илк марта аралаш сайлов тизими – мажоритар ва пропорционал сайлов шакллари асосида ўтказиладиган бўлди.
Бу тизим демократик давлатларда синовдан ўтган, қулай сайлов шаклларидан бири. Аралаш сайлов тизими ҳисобланадиган бу жараёнда сиёсий партиялар ҳам, номзодлар ҳам иштирок этади. Мажоритар сайлов тизими ўтган сиёсий кампанияларда қўлланилиб келинган бўлиб, бир мандатли сайлов округларидан депутатликка номзодлар танланади. Пропорционал сайлов эса биз учун янгилик. Унда мамлакатимиз ҳудуди округларга тақсимланмайди, балки бутун Ўзбекистон ягона округ саналади. Шу округ бўйича сиёсий партиялар ўзларининг номзодлари рўйхатини тақдим этади. Сайловчилар номзодларга эмас, сиёсий партияга овоз беради. Буни содда қилиб айтганда, сайлов куни сайлов участкасига келган сайловчиларга иккита бюллетень берилади. Битта бюллетенда ўзи яшаб турган ҳудуддаги округдан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига кўрсатилган номзодлар, иккинчисида бешта сиёсий партиянинг номлари кўрсатилади. Бунда қайси номзод ёки қайси сиёсий партия учун овоз беришни сайловчи ҳал этади.
Бу йилги сайловда рақамли технологиялар имкониятларидан янада самарали фойдаланилаётгани ҳам мамлакатимизнинг келгуси обод ва фаровон ҳаётини белгилайдиган сиёсий кампания учун яна бир янгилик бўлди. “E-SAYLOV” ахборот тизими ишга туширилгани сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ҳаракатларни электрон шаклда амалга ошириш имкониятини жуда кенгайтирди. Айни пайтда барча даражадаги сайлов комиссиялари ўртасидаги ҳужжат ва ахборот алмашинуви “E-SAYLOV” ахборот тизими орқали амалга оширилиб, сайлов комиссиялари ўртасидаги ҳужжат алмашинувини тезлаштирди, ортиқча вақт сарфланишининг олдини олди. Бу тизим сайловчилар учун ҳам қулай имконият пайдо қилди. Жумладан, эндиликда ҳудудлардан кўрсатилган номзодлар ва уларнинг дастурлари ҳақида етарли маълумот олиб, сайлов кунигача номзодлар ҳақида аниқ бир тўхтамга келишига асос яратди.
Маълумотларга кўра, бўлғуси сайловда Сурхондарё вилоятидан 1 миллион 669 мингдан ортиқ сайловчи овоз бериши кутилмоқда. Уларнинг ўз хоҳиш-иродасини эмин-эркин ифода этиши учун вилоятда алоҳида тайёргарлик кўрилаётир. Зеро, демократик мамлакат сайловида ҳар бир овоз муҳим аҳамиятга эга. У сайловчилар ҳаётига дахлдор масала. Бу боис ҳам миллий қонунчилигимизда фуқароларнинг манфаатларини давлат органларида тўлиқ ифода этишни таъминлашнинг очиқ, адолатли, шаффоф сайлов тизими яратилди. Сайловнинг ана шу қонунчиликка мослигини таъминлаш учун вилоят ҳудудий сайлов комиссияси, туман, шаҳар сайлов комиссиялари, халқ депутатлари вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи 50 та сайлов округи, 865 та сайлов участкаси фаолият юритиб, сайловчилар учун барча шароитларни яратаётир. Шунингдек, комиссиялар аъзолари учун семинар-тренинг машғулотлари ташкил этилиб, уларнинг малакаси оширилмоқда.
Маълумки, ўтган сайловларда бир шахснинг бошқа шахс ва шахслар номидан сайлов бюллетенларини ҳам тўлдириш билан боғлиқ ҳолатлар кузатилган эди. Бу масалага чек қўйиш учун миллий қонунчилигимизга тузатиш киритиш лозимлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этди. Қабул қилинган қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига сайлов жараёни билан боғлиқ бўлган ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг айрим моддаларига ўзгариш билан тўлдирилди. Хусусан, сайлов (овоз бериш) бюллетенларини бериш тартибини бузганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача миқдорда жарима солиниши белгиланди. Иккинчидан, сайловда иштирок этиш учун ажратилган давлат маблағлари тўғрисидаги оралиқ ёки якуний ҳисоботни cиёсий партия Марказий сайлов комиссиясига тақдим этмаслиги ёки ўз вақтида тақдим этмаслиги, ҳисоботда била туриб нотўғри маълумотларни тақдим этиши мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилди.
Янги Ўзбекистонимиз сайлов тизимида юз берган бу каби ўзгаришлар муҳим сиёсий кампанияга аҳоли қизиқишини ҳам оширгани кузатилмоқда. Шунга мувофиқ бу жараёнда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, сайлов қонунчилиги ва унда юз берган ўзгартиш ҳамда қўшимчалардан уларни хабардор қилиш, сайловчиларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини чуқурроқ тушунтириш мақсадида жойларда турли тадбирлар ташкил этяпмиз. Мисол учун, куни-кеча Термизда вилоят адлия бошқармаси ҳамкорлигида “Сайлов жараёнларида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни ва роли” мавзуига бағишланган давра суҳбати ўтказдик. Унда қатнашган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари муҳим сиёсий кампанияда ННТларнинг ўрни, роли ва демократик сайлов жараёнларини ривожлантириш имкониятларини фаол муҳокама этишди. Ўзларининг таклифларини билдиришди.
Хуллас, аҳоли вакилларининг ҳудудларда ташкил этилаётган очиқ мулоқот, давра суҳбати ва бошқа тадбирлардаги қизиқиши, фаоллиги ҳам жорий йилнинг 27 октябрь кунига белгиланган сайловлар юқори савияда очиқ, ошкора ҳамда уюшқоқлик билан ўтишидан далолат бермоқда.
Зебунисо Алимардонова,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари.
ЎзА