Норматив ҳужжатларидаги ортиқча маъмурий тартиб-таомиллар ва эскирган тартибга солиш механизмларини бартараф этиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди.
“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун билан кичик, ёшлар ва тадбиркорлик саноат зоналари ҳудудида жойлашган давлат кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш Ўзбекистон Республикасининг алоҳида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилишини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасида мазкур қонунлар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Янги меъёрлар эскирган тартибга солиш механизмлари бартараф этилишига, улардаги нормаларнинг амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштирилишига хизмат қилиши қайд этилди.
Мажлисда “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам муҳокама қилинди. Қонун билан маъмурий-ҳудудий бирликлар тузилганлиги ёки тугатилганлиги, уларнинг чегаралари ёки бўйсунуви ўзгартирилганлиги натижасида тадбиркорлик субъектлари ва бошқа юридик шахслар жойлашган ери (почта манзили) ўзгарганда улар қайта давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божини тўлашдан озод этилишини назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.
Шунингдек, суғурта қилдирувчилар мажбурий суғурта шартномаларидан келиб чиқадиган даъволар юзасидан давлат божини тўлашдан озод этилиши белгилаб қўйилмоқда.
Мазкур қонун тадбиркорларнинг харажатларини қисқартиришга ва эркин фаолият олиб боришларига, суғурта хизматлари истеъмолчиларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА