Саудия халқаро ҳамжамиятни можароларни тўхтатишга чақирди
Саудия Арабистони Исроил ва Ливан ўртасидаги вазият кескинлашгани сабабли халқаро ҳамжамиятни Яқин Шарқдаги можароларга барҳам бериш учун масъулиятни зиммасига олишга чақирди. Подшоҳлик Ташқи ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқ орқали тарқатган баёнотда шундай дейилган.
– Саудия Ливандаги воқеаларни ташвиш билан кузатиб бормоқда ва минтақада зўравонлик кучайиши, шунингдек хавфсизлик ва барқарорлик издан чиқиши хавфи мавжудлигини таъкидлайди, – дейилган ҳужжатда. – Биз вазиятнинг салбий оқибатидан огоҳлантирамиз. Халқаро ҳамжамият, нуфузли кучлар ушбу можароларга барҳам бериш учун ўз ўрни ва масъулиятидан фойдаланиши лозим.
Вазирлик Ливанда барқарорликни сақлаш ва мамлакат суверенитетини ҳурмат қилиш зарурлигига ҳам урғу берган.
G7 Украинага ҳаво мудофааси тизимини мустаҳкамлашда
ёрдам беришга тайёр
G7 мамлакатлари Украинанинг ғарбдаги иттифоқчилари билан бирга Киевга ҳаво мудофааси тизимини мустаҳкамлаш учун бундан буён ҳам ёрдам кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади. Бу хабарни БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Украина энергетика тизими мавзусидаги кенгайтирилган йиғилиш якунига тўхталиб, Италия ТИВ тарқатди.
– Энергетика инфратузилмасини ҳужумдан ҳимоя қилиш, жумладан иштирокчи давлатлар томонидан Украина ҳаво мудофааси қобилиятини кучайтириш орқали халқаро ёрдам кўрсатилиши зарурлигини тан оламиз ва бундай кўмакни давом эттириш мажбуриятини яна бир бор тасдиқлаймиз, – дейилган баёнотда.
Йиғилишда “Катта еттилик” давлатларидан ташқари, Болгария, Норвегия, Нидерландия, Руминия, Словакия, Швейцария, Чехия, Дания, Жанубий Корея ва Болтиқ бўйи мамлакатлари вакиллари ҳам иштирок этган.
Хитой Тайвангача етиб борадиган “камикадзе-дрон” яратди
Хитойнинг “Norinco” мудофаа компанияси парвоз масофаси 200 километргача етадиган, яъни Тайвань оролидаги нишонларга зарба бера оладиган дрон яратди, деб ёзди “South China Morning Post”. Хабарда айтилишича, янги ўзи учар қурилма соатига 144 километр тезликда 105 дақиқа давомида ҳаракатлана олади. Бу 200 километр масофа босиб ўтилишини англатади. Шунингдек, дрон нишонга зарба беришдан олдин ҳавода бир муддат муаллақ туришга қодир.
Нашр ёзишича, тегишли парвоз масофаси 180 километрлик Тайвань бўғозини кесиб ўтиш учун етарли.
Аргентина суди Венесуэла Президентини ушлаш тўғрисида қарор чиқарди
Аргентина суди Венесуэла Президенти Николас Мадурони инсониятга қарши жиноятлари учун ҳибсга олиш мақсадида ордер берди, деб хабар тарқатди TN телеканали.
Аввалроқ Венесуэла суди Аргентина Президенти Хавер Милей, унинг котибияти раҳбари Карина Милей ва хавфсизлик вазири Патрисия Буллрични “Emtrasur” компанияси самолёти билан боғлиқ ҳодиса юзасидан қўлга олиш учун ордер чиқарган эди.
Сентябрь ойи бошида Аргентина Халқаро жиноий суд прокуроридан Мадурони ҳибсга олиш учун ордер сўраган.
2022 йил Аргентинанинг “Эсейса” аэропортида Венесуэланинг “Empresa de Transporte Aéreocargo del Sur” (Emtrasur) компаниясига қарашли “Boeing-747” самолёти мусодара қилинган эди. Маҳаллий суд шу йил бошида учоқни АҚШга ўтказишга қарор қилди. Шундан сўнг самолёт Флоридага жўнатилган.
Эрдоған: Туркия ва ЕИ ўртасидаги муносабатни тиклаш зарур
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Нью-Йоркда Германия Канцлери Олаф Шольц билан музокара чоғида Анқара ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатни “жонлантириш” зарурлигини билдирди.
1999 йилдан ЕИ аъзолигига номзод ҳисобланадиган Туркия 2005 йилдан буён тузилмага кириш бўйича музокара олиб бормоқда. Келишмовчилик туфайли мулоқот бир неча бор тўхтатилган. Ҳозир тегишли материалнинг 35 бобидан 16 таси ечилмаган.
Аввалроқ Туркия етакчиси, керак бўлса, Туркия ва ЕИ йўли турли томонга ажраб кетиши мумкинлигини айтган эди.
Ливанда давом этаётган можаро
болалар учун ўта хавотирли экани таъкидланди
Ливанда давом этаётган можаро мамлакатдаги барча болалар учун фалокатли оқибатларга олиб келади: душанба кунги портлашда ҳалок бўлган гўдаклар сони (35 нафар) 11 ойлик кўрсаткичдан ҳам ошиб кетди. Ушбу маълумотни БМТ Болалар жамғармасининг Ливандаги вакили ўринбосари Этти Хиггинс Женевада бўлиб ўтган брифингда эълон қилди.
– Вайроналар остида қолганлар эса янада кўпроқ, – деган у.
Бокуда ADEX ҳарбий кўргазмаси иш бошлади
Боку Экспо-Марказида V Озарбайжон халқаро мудофаа кўргазмаси иш бошлади. Ушбу йирик тадбир минтақа мудофаа саноати ютуқларига бағишланган.
ADEX илк бор 2014 йил ташкил этилган. Шундан буён иштирокчилар рўйхати йил сайин кенгаймоқда.
Ўтган 10 йил давомида анжуман 50 дан зиёд мамлакатда фаолият юритаётган ёндош компаниялар ва 200 га яқин расмий делегацияни жамлади. Шу кунгача кўргазмага 30 000 дан зиёд киши келган.
Исроил авиа зарбасидан Ливан телеканали мухбири ҳалок бўлди
Исроил Ливан жанубига ҳаводан берган зарба оқибатида “Al Mayadeen” телеканали мухбири Ҳоди Ас-Сайид ҳалок бўлди, дея хабар тарқатди мазкур телеканал ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Ҳужум айнан журналистнинг уйига тўғри келган.
Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги берган сўнгги маълумотга кўра, жануб ва шарқда жами 558 инсон ҳаётдан кўз юмган, 1835 киши яраланган.
Душанба куни эрталабдан буён турар-жойлар, ўнлаб қишлоқлар ва аҳоли манзиллари ракета ҳужумига учради.
С.Раҳимов,
ЎзА