Бу ҳақда “Қашқадарё сув таъминоти” АЖ ташаббуси билан ОАВ вакиллари иштирокида ташкил этилган матбуот анжуманида батафсил сўз юритилди.
Тадбирда соҳа масъуллари вилоятда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизмати бўйича амалга оширилган ишлар хусусида ахборот берди.
Қайд этилишича, 2024 йил 1 январь ҳолатида вилоят аҳолисининг 59,4 фоизи, яъни 2 миллион 32,7 минг нафари марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Қолган аҳоли вакиллари ичимлик сувини алтернатив манбалар орқали ташиб истеъмол қилади.
Вилоятда аҳолининг ичимлик суви билан таъминланиш даражаси сўнгги етти йилда 29,8 фоиздан 59,4 фоизга етказилиб, 5,2 минг километр ичимлик суви тармоқлари тортилди (1 миллион аҳоли сув таъминоти яхшиланди).
Мавжуд 485 та ичимлик суви олиш иншоотидан 14 таси ҳамда 9 минг 307 километр ичимлик суви тармоқларидан 2 минг 856,3 километри 1970-1980 йилларда қурилгани боис эскирган ва таъмирга муҳтож.
[gallery-19425]
Бугунги кунда “Қашқадарё сув таъминоти” АЖ хизмат кўрсатадиган истеъмолчилар сони 166,3 мингни ташкил этади.
2023 йилда барча дастурлар доирасида 432 миллиард сўм ҳисобига 181 та объектда 1,3 минг километр ичимлик ва 23 километр оқова сув тармоқлари ҳамда 170 та ичимлик суви ва оқова сув иншоотлари қурилган ва реконструкция қилинган. Натижада, маҳаллалардаги 270 минг нафарга яқин аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланиб, 108 минг нафардан зиёд аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 декабрдаги тегишли қарорига асосан, жорий йилда 9 та ичимлик ва оқова сув объекти учун 62 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 3 та сув иншооти қуриш ҳамда 166 километр тармоқ тортиш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, 18,8 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилиб, 147,8 километр тармоқлар қурилди ва таъмирланди.
Бундан ташқари, “Косон ва Муборак туманлари марказлари ҳамда Китоб-Шаҳрисабз ер ости сув конидан сув олиш қувурларига яқин бўлган қишлоқ аҳоли пунктларининг сув таъминоти тизимини реконструкция қилиш” лойиҳаси доирасида Саудия тараққиёт ва ОПЕК жамғармаларининг 42,8 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит маблағи жалб этилган бўлиб, 1-, 2-, 4-пакетлар бўйича шартномалар тузилган ҳамда пудратчилар томонидан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.
Ушбу лойиҳалар якунига етгач яна 39 та маҳаллада истиқомат қилувчи 153 минг нафарга яқин аҳоли марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланади.
Дастурларни тўлиқ амалга оширилиши натижасида вилоятнинг марказлашган ичимлик суви билан таъминлаганлик даражаси йил якунига келиб, 59,4 фоиздан 64,2 фоизга етказилади.
Шунингдек, матбуот анжуманида аҳоли ва юридик ташкилотларнинг ичимлик сувидан қарздорлик ҳолати ҳақида ҳам маълумот берилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари