Прокуратура органлари томонидан инвестиция дастурлари доирасидаги лойиҳаларнинг бошланишидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва унинг реализациясига қадар бўлган жараёнда ташаббускорлар билан мунтазам алоқада бўлиш амалиёти жорий этилган.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида бевосита прокурорлар томонидан лойиҳа ташаббускорларининг фаолиятида юзага келган 2 минг 411 муаммо (кредит, электр, табиий газ, сув, бино ёки ер, рухсатнома ва бошқа масалалар)нинг ижобий ҳал этилиши таъминланди.
820 га яқин янги лойиҳа ишлаб чиқилиши ҳамда 456 лойиҳани амалга ошириш истагида бўлган ташаббускорлар аниқланишига кўмаклашилди.
Дастурлар доирасида шакллантирилган 3 мингдан ортиқ лойиҳа назорат тартибида ўрганиб чиқилди. Бундан ташқари, 160 йирик лойиҳа пост-мониторингдан ўтказилди (ушбу тадбир давомида 25 нафар тадбиркорга амалий ёрдам кўрсатилиб, 8 та лойиҳанинг тўла қувватда ишлаши ҳамда 300 дан ортиқ иш ўринлари яратилишига эришилди).
Соҳада ўтказилган назорат тадбирларида аниқланган қонунбузилишлар юзасидан 214 тақдимнома киритилди. Натижада 124 нафар мансабдор шахс маъмурий ва интизомий жавобгарликка тортилди ҳамда 258 нафари расман огоҳлантирилди. Жиддий қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 23 жиноят иши қўзғатилди.
Инвестиция дастурлари ижросини таъминлаш, шу жумладан, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш ва лойиҳаларни ишга тушириш борасидаги назорат тадбирлари изчиллик билан давом эттирилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА