Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мутасаддилари ҳамда Туркиянинг “Onur Group” компанияси Молдова ва Руминия давлатларидаги лойиҳалар бўйича директори Булент Татар ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида компаниянинг қурилиш ва муҳандислик соҳаларидаги фаолияти, хусусан, кўприк, туннель, тўғон, аэропорт, трамвай ва темир йўллар қурилиши, шунингдек, шаҳар инфратузилмаси билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш тажрибаси хусусида маълумотлар тақдим этилди.
Икки томон ўртасида ДХШ асосида 4P12 “Бектемир ш. – Чирчиқ ш. – Ғазалкент ш.– Чорбоғ қўрғони” автомобиль йўлининг 6–77 км қисмини асфальт-бетон қоплама билан реконструкция қилиб, пуллик йўлга ўтказиш лойиҳаси юзасидан музокаралар олиб борилди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, лойиҳа жорий йилнинг 18 сентябрь куни “Onur Group” компанияси экспертлари, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Автомобиль йўллари қўмитаси ходимлари иштирокида жойига чиққан ҳолда ўрганилган.
Учрашув якунида томонлар лойиҳани амалга ошириш бўйича тегишли ҳужжатларни тайёрлаш ва уни амалга ошириш бўйича кейинги қадамларни белгилаб олиш юзасидан келишувга эришди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА