Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2024 йил ҳудудларда “Хавфсиз шаҳар” ягона интеграциялашган тизимини яратиш ва ривожлантириш юзасидан йиллик манзилли дастурлар ишлаб чиқилган. Дастур ижроси доирасида ҳудудларда тизимни жорий қилиш учун босқичма-босқич қурилмалар харид қилиняпти ҳамда белгиланган манзилларда ўрнатилиб, ишга туширилмоқда.
Маҳаллалардаги кўп қаватли уйлар, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда уларга кириш-чиқиш жойларида интеллектуал видеокузатув камералари ўрнатилиб, ички ишлар органларининг таянч пунктлари ахборот тизимига интеграция қилинмоқда.
Жамоат жойларида, яъни майдонлар, маданият ва истироҳат боғлари, бозорлар, савдо марказлари, музей, кўнгилочар масканлар, дам олиш мажмуалари, меҳмонхоналар, диний муассасаларда шахсни юздан таниб олиш камералари, “ташвиш тугмалари” ўрнатиш ҳамда уларни ҳудудий ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмаларининг ахборот тизими билан интеграция қилиш бўйича ишлар бажарилмоқда.
Хусусан, Андижон вилоятида Ички ишлар вазирлигининг Хавфсиз шаҳар маркази томонидан 2024 йил давомида манзилли йиллик дастурга мувофиқ бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хавфсиз шаҳар” ягона интеграциялашган тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бугунги кунда Андижон вилояти ҳокимлиги, Андижон вилояти ИИБ ва “Хавфсиз шаҳар” маркази билан ҳамкорликда Хонабод шаҳри, Қўрғонтепа, Жалақудуқ, Хўжаобод туманларида интеллектуал видеокузатув тизимлари жорий этилмоқда.
Шунингдек, криминоген жиҳатидан оғир ҳудудларда жиноятчиликнинг олдини олиш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича 229 та объектга жами 1 минг 124 та, шаҳар ва туманларга кириш-чиқиш объектларига транспорт воситасининг рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини аниқловчи 184 та, йўл ҳаракати қоидабузарликларини фото-видео қайд этувчи автоматлаштирилган тизими учун 18 та объектга 18 та интеллектуал видеокузатув камералари ўрнатилмоқда.
Ҳозирда сервер қурилмалари учун ташқи электр ва маълумотларни узатиш тармоқлари ташкил этилиб, асосий маълумотларни қайта ишловчи интеллектуал сервер қурилмаларида “Хавфсиз шаҳар” тизимининг ягона аппарат-дастурий платформаси тест режимида ишга туширилди.
Бухоро вилоятида ИИВнинг Хавфсиз шаҳар маркази томонидан 2024 йил давомида манзилли йиллик дастурга мувофиқ бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хавфсиз шаҳар” ягона интеграциялашган тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бугунги кунда Бухоро вилоятининг криминоген жиҳатидан оғир ҳудудларида жиноятчиликнинг олдини олиш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича 75 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 1 минг 137 та объектда жами 2200 дона интеллектуал видеокузатув камераларини ўрнатиш ва ишга тушириш ишлари амалга оширилмоқда.
Ҳозирги кунда 18 та МФЙнинг жами 216 та объектида 314 та шахсни аниқловчи, 20 та давлат рақам белгисини аниқловчи интеллектуал видеокузатув тизими қурилмалари ўрнатилиб, ишчи ҳолатга келтирилди.
Шунингдек, “Хавфсиз шаҳар” тизимининг ягона аппарат-дастурий платформаси маълумотларини сақлаш ва қайта ишлаш сервер қурилмалари ўрнатилиб, ишга туширилди ва мавжуд видеокузатув қурилмаларини интеграциялаш ишлари амалга оширилмоқда.
Самарқанд вилоятида ҳам ИИВнинг Хавфсиз шаҳар маркази томонидан 2024 йил давомида манзилли йиллик дастур тасдиқланган ва дастурга мувофиқ бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Самарқанд вилоятида “Хавфсиз шаҳар” ягона интеграциялашган тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга мувофиқ, ҳудудлар кесимида манзилли йиллик дастурлар ишлаб чиқилган.
Лойиҳалар доирасида криминоген жиҳатидан оғир ҳудудларда жиноятчиликнинг олдини олиш ва хавфсизликни таъминлаш, шаҳар ва туманларга кириш-чиқишга транспорт воситасининг рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини аниқловчи видеокузатув камераларини ўрнатиш, йўл ҳаракати қоидабузарликларини фото-видео қайд этувчи автоматлаштирилган тизими лойиҳаси доирасида қурилмалар ўрнатилиб, ишга тушириш, шу билан бирга жами 900 та мавжуд камерани интеграциялаш ишлари режа асосида бажарилмоқда.
Шунингдек, “Хавфсиз шаҳар” маркази маблағлари ҳисобидан “Рақамли хавфсиз маҳалла” концепцияси доирасида маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда Самарқанд вилоятидаги 18 та МФЙнинг кириш-чиқиш жойлари ҳамда аҳоли гавжум жойларига жами 100 та варифокал видеокузатув қурилмалари ўрнатилди.
Шу билан бирга, “Хавфсиз шаҳар” тизимининг ягона аппарат-дастурий платформаси сервер қурилмалари тест режимида ишга туширилди.
Қашқадарё вилоятида бу борадаги ишлар қизғин олиб борилмоқда. Хусусан, ИИВнинг Хавфсиз шаҳар маркази томонидан 2024 йил давомида манзилли йиллик дастур ижроси тизимли таъминланмоқда.
Қашқадарё вилоятида “Хавфсиз шаҳар” ягона интеграциялашган тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга мувофиқ, ҳудудлар кесимида манзилли йиллик дастурларнинг лойиҳалари ишлаб чиқилган.
Лойиҳалар доирасида вилоят ҳудудидаги, хусусан Яккабоғ ва Кўкдала туманларининг криминоген жиҳатидан оғир ҳудудларида жиноятчиликнинг олдини олиш ва хавфсизликни таъминлаш, шаҳар ва туманларнинг кириш-чиқиш жойларига транспорт воситасининг рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини аниқловчи видеокузатув камералари ўрнатилмоқда.
“Хавфсиз шаҳар” маркази маблағлари ҳисобидан “Рақамли хавфсиз маҳалла” концепцияси доирасида маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда вилоятнинг бир қатор маҳаллалари кириш-чиқиш жойлари ҳамда аҳоли гавжум жойларига видеокузатув қурилмалари ўрнатилиб, ишчи ҳолатга келтирилмоқда.
ЎзА