Бугунги кунда мамлакатимизда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш, жумладан, аҳолида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, уларнинг бизнес ташаббусларини молиялаштириш ва лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш бўйича яхлит тизим жорий этилган. Бу жараёнда тижорат банкларининг ўрни муҳим аҳамият касб этади.
Хўш, бу борада тизимда қандай ишлар амалга оширилмоқда? “Ўзмиллийбанк”АЖ бўлим бошлиғи Муҳаммадюсуф Ибрагимовни шу мавзуда суҳбатга чорладик.
– Банк ходими сифатида тадбиркорларга яратилаётган янги имкониятлар, жумладан, факторинг хизмати тўғрисида маълумот берсангиз.
– Ҳақиқатдан ҳам, ҳозир мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, хусусан, кичик ва ўрта бизнесга кенг йўл очиш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 20 августда Нукус шаҳрида мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқот шаклида ўтказилган учрашувида ҳам тадбиркорлар учун 5 та янги ташаббус илгари сурилди. Ушбу ташаббусларнинг энг биринчиси “Кичик ва ўрта бизнес учун молиявий ресурсларни кўпайтириш” ташаббуси эканлиги бунинг ёрқин исботи дейиш мумкин. Мазкур ташаббус доирасида белгиланган муҳим вазифалардан бири тижорат банклари томонидан факторинг хизматини жадал ривожлантириш ва оммалаштириш ҳисобланади.
Факторинг тушунчасига қисқача тўхталадиган бўлсак, бу пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш ҳисобланади. Бошқача қилиб айтганда, банк, яъни молиявий агент томонидан етказиб берувчи ёки сотувчиларнинг кечиктирилган тўлов, яъни дебиторлик қарзларини талаб қилиш ҳуқуқини сотиб олиш тушунилади.
Факторинг хизматига икки хил вазиятда эҳтиёж пайдо бўлади: Биринчиси, сотувчи маҳсулот ёки хизматларини кечиктириб тўлаш шарти билан харидорга сотгач, табиийки, ўз фаолиятини давом эттириш учун айланма маблағга эҳтиёж пайдо бўлади. Иккинчиси, олдиндан тўлов шарти билан мунтазам маҳсулот харид қилиб келаётган корхоналарда кечиктирилган тўловга ўтиш эҳтиёжи пайдо бўлади. Ҳар икки вазиятда ҳам тадбиркор учун гаров талаб қилинмайдиган ва қисқа муддатда маблағ олиш имконини берувчи хизмат – бу факторинг хизмати ҳисобланади.
Мазкур хизмат турини жадал ривожлантириш ва оммалаштириш мақсадида жорий йилнинг 12 августида Президентимизнинг “Факторинг хизматлари бозорини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди. Фармонга мувофиқ, банк бўлмаган янги институт – факторинг ташкилотлари ташкил қилиш ва мазкур хизмат турини рақамлаштириш вазифалари белгиланди.
– Ўзбекистон Республикаси банк тизимининг локомотиви сифатида “Ўзмиллийбанк” тизимида ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз?
– “Ўзмиллийбанк”АЖ томонидан факторинг хизмати 2023 йилда жорий қилинган бўлиб, уни ривожлантириш ва мижозлар орасида оммалаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу вазифани босқичма-босқич амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, ҳозир банкда мунтазам ҳисобрақам айланмаларига эга бўлган мижозлар орасида факторинг хизматини оммалаштириш мақсадида улар билан музокаралар ўтказиб келинмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2024 йил 17 августдаги қарори билан факторинг хизматини кўрсатиш бўйича мақсадли кўрсаткичлар белгилаб берилди ҳамда мазкур хизмат турини оммалаштириш ва рақамлаштириш вазифаси юклатилди.
“Ўзмиллийбанк”да факторинг хизмати жорий қилингандан буён бугунги кунга қадар жами 200 миллиард сўмга яқин 200 та факторинг операцияси муваффақиятли амалга оширилди.
Шунингдек, қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича тегишли назорат-режа ишлаб чиқилган.
Жумладан, факторинг хизматини ривожлантиришга масъул раҳбар ходимлар белгиланиб, уни оммалаштириш мақсадида тарқатма материаллар (тақдимот ва флаерлар) тайёрланган. Банк расмий сайтида факторинг бўйича алоҳида саҳифа шакллантирилиб, Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида банкнинг барча бўғиндаги масъул ходимлари иштирокида факторинг бўйича ўқув-семинарлар ўтказилиб борилади. Қолаверса, оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар, мустақил журналистлар билан бу борада тарғибот ва ташвиқот ишлари мунтазам олиб борилмоқда.
– Юқорида хизматни “рақамлаштириш” вазифаси белгиланганини ҳам айтиб ўтдингиз. Жараён қандай кечмоқда?
–Бугунги кунда банкнинг барча хизмат турлари қаторида мазкур хизмат турини рақамлаштириш ҳам муҳим ҳисобланади.
Негаки, факторинг хизмати корхоналарга қисқа муддатда маблағ олиш имконини бериши билан бошқа хизмат турларидан ажралиб туради. Бунинг учун мижозларга банкка ташриф буюрмасдан факторинг хизматидан фойдаланиш имконини яратиш зарур.
Ўз навбатида, “Ўзмиллийбанк” томонидан аллақачон факторингни рақамлаштириш муваффақиятли йўлга қўйилган бўлиб, электрон платформа орқали бир нечта дастлабки факторинг операцияларини амалга оширишга эришилди. Ҳозир мижозларнинг таклиф ва эътирозларидан келиб чиққан ҳолда электрон платформани янада такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА мухбири