Куни кеча Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси кўмагида Жиззах вилоятидаги “BMB HOLDING” компаниясининг бош офисида поляк ишбилармонлари делегацияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда “BMB HOLDING” компанияси кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов, Ўзбекистоннинг Польшадаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Амирсаид Агзамхўжаев ҳамда Польшанинг Белосток шаҳри мэри Тадеуш Трусколаски, Белосток Савдо-саноат палатаси президенти Витольд Карчевски бошчилигидаги делегация аъзолари иштирок этди.
Хорижлик меҳмонлар Белосток шаҳри саноати ҳамда “Biaform S.A.”, “Tooles”, “Kaja Alfred Olsyewski”, “Lakpol”, “Eltron”, “Unibep S.A” каби поляк корхоналари фаолияти билан таништирди.
Ўз навбатида меҳмонларга “BMB HOLDING” компанияси тизими, корхоналар фаолияти, кўрсатилаётган хизматлар, ишлаб чиқарилаётган ва қайта ишланаётган маҳсулотлар, жумладан, “BMB Za'faron” бренди остида ишлаб чиқарилаётган заъфаронли маҳсулотлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Ўзбекистон – Польша ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини давом эттириш, шунингдек, манфаатли йўналишларда савдо-иқтисодий алоқаларни ўрнатиш каби масалалар юзасидан келишиб олинди.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири