Ўзбекистонда IT-хизматлар соҳасига хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича янги имкониятлар эшиги очилмоқда. Бу эса мамлакат экспорт салоҳиятини ошириб, янги иш ўринларини яратади.
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ҳамда АҚШнинг RFA компанияси делегацияси ўртасида учрашув бўлиб ўтди. RFA компанияси Ўзбекистонда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтди ва ҳозирда Чирчиқ шаҳрида «Зеро Риск» дастуридан фойдаланишга алоҳида қизиқиш билдириб, "IT Park Uzbekistan" резиденти мақомини олишга тайёрланмоқда, дейилади Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазирлиги маълумотида.
Учрашувда компания фаолияти учун энг қулай шароитларни яратиш мақсадида тақдим этиладиган имкониятлар ва қўшимча чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
RFA рақамли хизматларини хорижга экспорт қилиш учун маҳаллий истеъдодли ходимларни ишга олишни режалаштирмоқда.
RFA бош директори Ёхан Ким Ўзбекистонда мавжуд имкониятлар, мамлакатдаги технологик лабораторияларга бўлган қизиқишини қайд этди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон IT-лойиҳаларни аутсорсинг қилиш мақсадида янги операцион офис яратиш учун идеал жой ҳисобланади.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, RFA 800 дан ортиқ хеж-фондлар, хусусий капитал компаниялари, активларни бошқариш бўйича компаниялар ва инвестиция менежерлари учун кенг қамровли технологик ечимларни тақдим этишга ихтисослашган. Таклиф этилаётган хизматлар орасида булутли ечимлар, IT-хизматларни бошқариш, киберхавфсизлик, маълумотлар билан ишлаш, илова хизматлари ва бошқариладиган аниқлаш ва жавоб бериш тизими мавжуд. Компания бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган бўлиб, бутун дунё бўйлаб, жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Люксембург, Испания, Франция, Ҳиндистон, Сингапур, Филиппин ва Японияда 15 та офисга эга ва унда 300 нафардан зиёд ходим фаолият юритади.
RFA учун янги марказ Ўзбекистоннинг қулай ишбилармонлик муҳитидан фойдаланган ҳолда минтақавий бозорга стратегик кириш ва IT-хизматлар экспорти кўламини кенгайтиришда муҳим саналади.
А.РУСТАМОВ, ЎзА