Бир ҳафтадан буён Буюк Британия Бош вазири Кир Стармернинг боши ғалвадан чиқмаяпти.Турмуш ўртоғига берилган совғалар сабаб, у тергов қилиниши мумкинлиги айтиляпти.
Гап шундаки, Лейбористлар партияси аъзоси, медиа лойиҳалар, продюссерлик марказлари эгаси, миллионер Воҳид Али ҳукумат бошлиғининг рафиқаси олган қимматбаҳо кийим-кечаклар пулини тўлаган. Бундан ташқари харидлар бўйича шахсий маслаҳатчининг харажатини қоплаб берган.
Бундай ҳолат Стармер ҳозирги лавозимига киришишидан олдин ҳам, кейин ҳам содир бўлгани таъкидланяпти. Афсуски, хизмат ва совғалар декларациядан ўтказилмаган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Vp7BCcqxNcI" title="Shunga shunchami?.." frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Бош вазир ва унинг аёлига хизмат қилаётган,қиймати 200 миллион фунт стерлингдан кўп бойлик тўплаган ҳотамтойни Стармернинг йирик ҳомийларидан бири, дейишади.
Жорий йилнинг ўзида тадбиркор ҳукумат раҳбарининг кийим-кечаги, қимматбаҳо кўзойнаклари учун бир неча ўн минг фунт стерлинг сарфлаган. Парламент сайлови даврида Кирнинг яшаш жойи ва шахсий офиси учун ижара пулини ҳам тўлаган. Бинобарин, бу ишлар ҳеч бир ҳужжатда қайд этилмаган. Айтишларича, хизматлари эвазига Воҳид Али Бош вазир идорасига бемалол “кириб-чиқиш” учун рухсат олган. Ва табиийки,айни ҳолат мухолифатнинг норозилигига сабаб бўлди.
Кўпчиликнинг фикрича, Британия матбуотида қимматбаҳо совғалар ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлиши ҳам Стармер учун муаммога айланди. Ахир, у вазифасига киришаётганда сиёсат майдонида тартиб ўрнатиш, қариндош-уруғчилик, таниш-билишликни йўқ қилишга ваъда берганди-да. Мухолиф Консерватив партия ҳолат бўйича тергов ўтказишни талаб қилмоқда.
К.Бекжонов, ЎзА