Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг масъул вакиллари томонидан янги тартибдаги ногиронликни белгилаш, инклюзив жамиятга эришиш ва ногиронлар учун бандликни таъминлаш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш масалалари хусусида батафсил сўз юритилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ногиронликни белгилаш бўйича янгича тизим жорий этилмоқда. Жорий йилнинг 16 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронликни белгилаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унга мувоофиқ, 1 сентябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида босқичма-босқич эксперимент тарзида my.gov.uz, “Инсон” марказлари ёки ижтимоий ходимлар орқали оилавий шифокорга мурожаат қилиш имконияти яратилди.
Бунда “Инсон” маркази ходимлари томонидан ЖССТ ногиронликни баҳолаш шкаласининг маҳаллий хусусиятлар ва шарт-шароитларга мослаштирилган мезонлари асосида 18 ёш ва ундан катта шахсларнинг функционаллигини баҳолаш тартиби жорий этилди.
[gallery-19403]
Ногиронликни белгилаш жараёнида автоматик тарзда муҳтожлик белгиланиб, керакли протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техника воситалари маҳсулотлари учун ваучер шакллантирилади. Электрон тижорат ёки my.ihma.uz даги шахсий аккаунт орқали муҳтож шахс керакли воситага буюртма бериши ва фойдаланиши мумкин бўлади.
Май ойидан буён ҳозиргача ушбу тизим орқали 43 мингдан ортиқ ваучер шакллантирилди. Шундан 22 минг 500 нафар фуқаро ўзига керакли маҳсулотларга буюртма қилган. Шундан 17 минг 500 нафардан ортиқ фуқарога керакли воситалар етказиб берилган. 5 мингта шундай маҳсулот бугунги кунда ҳамюртларимизга етказиб берилади.
Протез олган ва бошқа ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятга интеграциялашувини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, касбга ва спортга йўналтириш бўйича ҳам муҳим қадамлар ташланди.
Хусусан, жорий йилнинг февраль ойида давлат идораларида 20 минг нафар, тижорат тузилмаларида эса минг нафар ногиронлиги бўлган шахснинг бандлигини таъминлаш бўйича ҳамкорлик тизими ишга туширилди. Биргина Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида бундай алоҳида эҳтиёжли ишчилар 10 фоизни ташкил этади.
Бугунги кунга келиб ушбу тизимда 52 мингдан ортиқ бўш иш ўринлари учун танлов эълон қилинди. Малака талабларига жавоб берган 3 минг 400 нафардан ортиқ фуқаро иш билан таъминланди.
Қолаверса, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда 90 га яқин ногиронлиги бўлган шахслар ишга жойланди.
Матбуот анжуманида Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар учун инклюзивлик ва тенг имкониятларни қўллаб-қувватлаш, яратилаётган имтиёзлар бўйича саволларга батафсил жавоб қайтарилди.
Н.Усмонова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА