2024 йил 11 сентябрда кучга кирган “Шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги давлат бошқаруви ва аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда нималар назарда тутилган?
Бу ҳақда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзоси Илҳом Қурбонов сўзлаб берди:
– Қурилиш соҳасидаги ислоҳотлар жадал амалга оширилиб, соғлом рақобат муҳити яратилди. Қурилиш тармоғи кадрларини профессионал тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат бошқаруви ҳамда ҳудудлар ва аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишнинг янги тизимларини тартибга солиш мақсадида Шаҳарсозлик кодексига тегишли ўзгартиришлар киритиш зарурати пайдо бўлди. Аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга эҳтиёж пайдо бўлди.
Шу боис, янги қонун билан Шаҳарсозлик кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига шаҳарларнинг бош режаларини соддалаштирилган кўринишда ишлаб чиқиш бўйича буюртмачи ва лойиҳа ташкилотига лойиҳалаш топшириғини бериш ваколати берилди.
Аҳоли пунктларининг турлари сифатида Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ривожлантиришни режалаштириш бош тарҳи, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудларини ривожлантиришни режалаштириш тарҳлари, аҳоли пунктларининг ҳудудларини ривожлантиришни режалаштириш ва қуриш тўғрисидаги шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши белгиланди.
Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ривожлантиришни режалаштириш бош тарҳини ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудларини ривожлантиришни режалаштириш тарҳларини мунтазам равишда такомиллаштириб бориш бўйича устувор йўналишларни белгилаш ваколати берилди.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ривожлантиришни режалаштириш бош тарҳида аҳолини ва ишлаб чиқариш кучларини жойлаштириш тизими давлат томонидан тартибга солинади.
Хусусан, ҳудудларнинг жорий ҳолати, салоҳиятини аниқлаш, ўзаро боғлиқлик мақсадлари ва хусусияти, архитектура, шаҳарсозлик ва қурилиш фаолиятини амалга ошириш орқали ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари доирасида ҳудудлараро ва тармоқлараро давлат манфаатларини мувофиқлаштириш ва аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини лойиҳалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш учун асослар белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ривожлантиришни режалаштириш бош тарҳидаги лойиҳавий ечимлар Ўзбекистон Республикаси тараққиёт стратегияси, шунингдек, халқаро ва минтақавий интеграция жараёнлари, қўшни давлатларнинг ҳудудий ижтимоий-иқтисодий тараққиёт дастурлари ҳамда жаҳон тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда узоқ даврга мўлжаллаб ишлаб чиқилади. Бу Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудларини ривожлантиришни режалаштириш тарҳларидаги лойиҳавий ечимларга ҳам тааллуқли.
Қонун билан Шаҳарсозлик кодексига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар натижасида фуқароларнинг яшаш ва фаолият муҳити уйғунлиги таъминланади. Аҳоли пунктларининг архитектура қиёфаси яхшиланади ва аҳолининг турмуш даражасини кўтариш имконияти яратилади.
Архитектура, шаҳарсозлик ва қурилиш фаолиятини амалга ошириш орқали ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари доирасида ҳудудлараро ва тармоқлараро давлат манфаатлари мувофиқлаштирилади. Қурилиш соҳасида шаффофликни таъминлаш ва рақобат муҳитини ривожлантириш орқали соҳадага инвестиция киритиш имконияти кенгаяди.
Норгул Абдураимова, ЎзА