Швейцариянинг Женева шаҳрида енгил атлетика спорт турининг узунликка ва лангарчўпга таяниб сакраш йўналишлари бўйича нуфузли “Golden Fly” мусобақасида ҳамюртимиз Анвар Анваров муваффақиятли иштирок этди.
Мазкур мусобақа баҳслари баландлиги 147 метргача етадиган Же-до фаввораси ёнида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Анвар Анваров узунликка сакраш баҳсларида 7,87 м. (+0,1 м/с) натижа қайд этиб, шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди. Ушбу йўналишда намибиялик Лионел Кутси 7,99 метр натижа билан биринчи, болгариялик Божидар Сарабоюков эса 7,96 метрга сакраб иккинчи ўринни эгаллади.
Эслатиб ўтамиз, спортчимиз жорий йилнинг 6 сентябрь куни Загреб шаҳрида ўтказилган халқаро турнирда 7,99 метрга сакраб, кумуш медалга сазовор бўлган эди. Шунингдек, атлетимиз мавсумдаги энг яхши натижасига 21 май куни Грецияда ўтказилган “Tsatoumas Street Long Jump ” турнирида эришган бўлиб, унда Анвар 8,17 метр узунликка сакрашнинг уддасидан чиққан.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА