Икки босқичли давлат харидлари, кичик қийматдаги харид учун соддалаштирилган тартиб, марказлашган давлат харидлари ва ҳадли келишув каби янги механизмлар жорий қилинмоқда.
Бу Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилган “Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига давлат харидлари тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонунда назарда тутилган.
Давлат харидларида “барқарорлик” принципи жорий этилади. Яъни, давлат буюртмачилари қисқа, ўрта ва узоқ муддатли иқтисодий, экологик ва ижтимоий таъсирларни ҳисобга олган ҳолда барқарор давлат харидларини амалга ошириши назарда тутилмоқда.
Давлат буюртмачиси, шу жумладан, бюджет буюртмачиси, заруратга кўра, энг яхши таклифларни танлаш ёки тендер натижалари бўйича 1 йилдан 4 йилгача бўлган муддатга ҳадли келишув тузиши мумкин.
Қонун билан тадбиркорлик субъектларига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида электрон дўкон ҳамда аукцион савдоларида захира ғолиби бўлиши мумкинлиги, агар ғолиб томонидан шартнома тузиш рад этилган ҳолларда уларга шартнома тузиш таклифи берилиши кўзда тутилмоқда.
Давлат харидлари соҳасида шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия фаолиятида манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик асослари қонунда аниқ кўрсатилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун давлат харидлари тизимини такомиллаштириш орқали очиқлик ва шаффофлик таъминланишига хизмат қилади. Соҳада рақобат муҳити янада кучаяди.
Давлат буюртмачилари учун қулай имкониятлар яратилади ҳамда давлат харидлари жараёнига тадбиркорлар кенг жалб қилинади.
Н.Абдураимова, ЎзА