Бу йил бўлиб ўтадиган парламент ва маҳаллий Кенгаш депутатлари сайлови тобора қизғин паллага кириб бормоқда. Бугун Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодларни рўйхатга олиш ҳамда сайловолди ташвиқотига оид масалалар кўриб чиқилди.
Мажлисда қайд этилганидек, мамлакатимиздаги бешта сиёсий партия томонидан бир мандатли сайлов округлари бўйича Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган жами 375 нафар номзод рўйхатга олинди.
Шунингдек, ягона сайлов округи бўйича Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган жами 500 нафар партия рўйхатидаги номзодларни рўйхатга олиш бўйича Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди. Яъни, сиёсий партиялар томонидан Қонунчилик палатасига жами 875 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларига 3 минг 625 нафар, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига эса жами 24 минг 850 нафар номзод кўрсатилди.
Шунингдек, мажлисда сайловнинг энг муҳим босқичи – сайловолди ташвиқоти тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти 2024 йил 22 сентябрдан бошланиши эълон қилинди.
Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан давлат марказий ва ҳудудий телерадиоканаллари ҳамда газеталарида депутатликка номзодлар ва сиёсий партиялар учун сайловолди ташвиқоти даврида бепул эфир вақти ҳамда нашр майдони ҳажми ажратилди.
Шунингдек, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда сайловолди ташвиқоти материалларини тайёрлаш ва тарқатиш мумкинлиги айтиб ўтилди. Бунда материалнинг сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиб тайёрланганлиги ҳақида маълумотлар кўрсатилиши, бирор-бир шахснинг тасвири ва овози, шунингдек, бошқа маълумотларидан фойдаланилганда, ушбу шахснинг олдиндан розилигини олиш каби қоидаларга амал қилиниши лозим бўлади.
Шу куннинг ўзида Марказий сайлов комиссиясининг матбуот анжумани ташкил этилди. Унда МСК Раиси З.Низомходжаев мажлисда қабул қилинган қарорлар бўйича батафсил маълумот берди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига жавоблар қайтарилди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Tgi0d6Lxuz8?si=DcH4aEmZ5ZymGuyI" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
М.Комилова, Д.Якубов, А.Аҳмедов (видео), ЎзА