Мамлакатимизда психология соҳасида педагог кадрларни тайёрлаш ҳамда амалиётчи психологлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Республикамизнинг 10 та олий таълим муассасасида “Психология”, 19 та олий таълим муассасасида “Педагогика ва психология” таълим йўналишлари ва мутахассисликлари, олий тиббий таълим муассасаларида “Тиббий психология” ва “Тиббий психотерапия” мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган.
Бу Сенатнинг эллик еттинчи ялпи мажлисида “Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун муҳокамаси жараёнида қайд этилди.
Ҳозирги кунда мактабгача таълим тизимида 2,5 мингдан, умумий ўрта таълим мактабларида 13 мингдан зиёд педагог-психологлар фаолият олиб бормоқда.
Шу билан бирга, психология йўналишида маслаҳат бериш, онлайн ва офлайн форматда ўқув, тренинг, семинарлар ўтказиш орқали хусусий тартибда психологик ёрдам кўрсатиш фаолияти ҳам кенг тарқалган.
Қонун билан аҳолига психологик ёрдам кўрсатишнинг асосий принциплари, вазифалари, турлари, шакллари ҳамда стандартлари белгиланмоқда.
Қонунда психологик ёрдам кўрсатиш стандартлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши ҳамда психологик ёрдам кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахс раҳбари психология соҳасида олий маълумотга эга бўлиши кераклиги назарда тутилмоқда.
Психологик ёрдам кўрсатиш соҳаси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, бепул психологик ёрдам кўрсатиладиган шахслар тоифаларини аниқлаштириш, аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги профессионал уюшмалари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини яратиш кўзда тутиляпти.
Шунингдек, психология йўналишидан бошқа олий маълумотга эга бўлган шахслар хусусий тартибда психологик ёрдам кўрсатиш фаолияти билан шуғулланишдан аввал психология мутахассислиги учун қайта тайёрловдан ўтиши кераклиги белгиланмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс психологик ёрдамни бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахс томонидан кўрсатиш ёхуд аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган чекловларга риоя этмаслик учун жавобгарликни назарда тутувчи қўшимча нормалар билан тўлдирилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган мазкур қонун аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш соҳасининг ҳуқуқий асосларини яратилиши, фуқароларнинг психологик ёрдам олишга бўлган эҳтиёжини қондириш, хусусий тарзда амалиёт олиб бораётган психологлар фаолиятини қонуний амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА