Франция ва Ўзбекистон ўртасида бугунги кундаги туризм оқими ижобий динамикага эга бўлса-да, ўсиш суратларини янада кўтариш ва соҳада яратилган имкониятлардан кенгроқ фойдаланиш учун барча шарт-шароитлар мавжуд. Мамлакатимиз туризм салоҳиятини француз ишбилармон доиралари, жумладан, туристик компаниялари орасида кенг тарғиб қилиш йўлида муҳим қадамлар ташланмоқда.
Туризм қўмитаси раиси У.Шадиев бошчилигидаги делегация Париж шаҳрида бўлиб ўтаётган «IFTM-Top Resa» халқаро кўргазмасида иштирок этмоқда. Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонасида мамлакатимиз туризм салоҳияти тақдим этилди, дейилади Туризм қўмитаси маълумотида.
Тадбирда Ўзбекистон ва Франция туристик компаниялари ўртасида бир қатор B2B музокаралар ўтказилиб, янги ва креатив турпакетларни яратишда устувор йўналишлар муҳокама қилинди. Европадан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кўпайтириш борасида туристик компаниялар, инфлюэнсерлар, инвестор ва ишбилармонлар билан яқиндан ҳамкорликка таклиф этилди.
Шунингдек, «Самарқанд – цивилизация чорраҳаси» тарғибот кампанияси доирасида ушбу қадимий шаҳарнинг инсоният равнақи учун қўшган улкан ҳиссаси, унинг моддий ва маданий мероси ҳамда туристик салоҳияти алоҳида ёритилиб, видеороликлар намойиш этилган.
Ўзбекистоннинг бу йилги кўргазма доирасида уюштирган тадбирлари ва тарғибот кампанияси ҳақида фикр билдирар экан: «Охирги йиллар Европа сайёҳлари орасида мамлакатингиз туризм салоҳиятига қизиқиш ортиб бормоқда. Аминманки, Францияда бу соҳада энг йирик ҳисобланган IFTM-Top Resa ўзаро бизнес алоқаларини кенгайтириш, Ўзбекистонга туристлар оқимини кўпайтириш борасида йирик имкониятлар яратади. Биз давлатингиздаги туризм масканларини француз тилида кенг ташвиқот қилишга кўмак беришда собитқадам», деди IFTM-Top Resa халқаро кўргазмасининг мижозлар билан ишлаш бўйича директори Мари Гвенел.
«Ўзбекистонда тадбирларни ташкил қилишни йўлга қўйган мутахассис сифатида мамлакатингизда MICE-туризмнинг чексиз салоҳияти борлигига қаттиқ ишонаман. Биргина тарихий мисол – 2025 йил ЮНЕСКО Бош конференцияси сессиясини Самарқандда ўтказиш Ўзбекистонни нафақат минтақада, балки глобал даражада MICE-туризм янги маркази сифатида шаклланиши учун қудратли инструмент ҳисобланади», дея таъкидлаган европалик сайёҳ операторларидан бири «Step-In» компанияси раҳбари Фредерик Роман-Худерой.
Тақдимотда «Баҳор» ансамбли санъат усталари томонидан маданий дастур ташкил қилиниб, миллий чолғу асбобларида куйлар, Фарғона, Бухоро ва Хоразм рақслари қўйилди. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг гастрономик салоҳиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилгани қайд этилади.
А.РУСТАМОВ, ЎзА