Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов шеърларини мухлислар талашиб, бир-бирларидан сўраб-суриштириб ўқишади.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида халқимизнинг севимли шоири хотирасига бағишланган адабий анжуман ҳамда “Буюк соддалик” ва “Уммон бўйидаги ўйлар” китобларининг тақдимоти ўтказилди. Унда бу жиҳатлар яна бир карра намоён бўлди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Қаҳрамони, устоз адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров ва бошқалар Абдулла Орипов шеърияти миллий адабиётимизда алоҳида мавқега эга эканини таъкидлади.
–Адабиётга эътибор бундан буён ҳам кучайса кучаядики, асло камаймайди, – деди Сирожиддин Саййид. – Ватан адабиётини ҳар бир ўзбек боласи мукаммал билмоғи керак. Устоз Абдулла Орипов миллий адабиётимизда катта мактаб яратган бетакрор ижодкор, десак янглишмаймиз.
– Абдулла Орипов шеърияти ўзликни танитадиган, миллий ғурурни уйғотадиган, халқни жипслаштирадиган шеъриятдир, – деди Олий Мажлис Сенати аъзоси Абдураҳим Эркаев. – Бу шеърлар инсон қалбида кечаётган туйғуларни унинг ўзи англамаган ҳолда кўрсатиб қўяди. Бу шеърият қалбни поклайди, инсонни майда-чуйда, бачкана фикрлардан озод этиб, катта, буюк ғоялар сари етаклайди. Қалбдаги учқунларнинг аланга олишида Абдулла Орипов шеърияти ёрдам беради.
– Абдуллажон билан бирга ўқиганмиз, – деди Ғафур Ғулом уй-музейи директори Олмосхон Аҳмедова. – Унинг илк шеърларини катта хурсандчилик билан кутиб олганмиз. Шеърлари қалбга жуда қаттиқ таъсир этади. Абдуллажон устоз Ғафур Ғуломни жуда яхши кўрар эди. Шоир вафотига бағишланган шеърида Ғафур Ғуломнинг бутун ҳаёти, ўтмишини маҳорат билан кўрсатиб бера олган. Абдуллажонни давраларда одамлар жуда бошқача, алоҳида меҳр, эҳтиром билан қабул қилар эди. Бу халқимизнинг шоирга бўлган чексиз ҳурмати ифодасидир.
Адабиётшунос олим Нурбой Жабборовнинг фикрича, Абдулла Орипов ўзбек шеъриятини жаҳоний тафаккур, дунёвий миқёсга олиб чиқа олган ижодкор эди. Унинг шеърларида юксак бадиият, катта ҳаёт фалсафаси, залворли ғоялар мужассам.
Хўш, шоирнинг янги нашр этилган китобида қандай ижод намуналари ўрин олган? “Буюк соддалик” китобида шоир ижодининг илк кезларида қаламга олинган мавзулар, бадиий ғоя ва тушунчалар кейинчалик ўзига хос кўлам касб этди. Оддийдек ифода этилган фикрнинг қуюқ ва теранлиги, мазмунининг фавқулодда гўзал шаклдаги ифодаси китобхон эътиборини жалб этмай қолмайди. Китобда ана шундай теран фикрларни ифодалаган тўртликлар келтирилган.
“Уммон бўйидаги ўйлар” китоби эса шоирнинг Америка Қўшма Штатларида битган фалсафий мушоҳадалари, юрт соғинчи ва ҳайратдан иборат бўлган беназир сатрлар мажмуасидир. Шеърий тўплам шоирнинг мусофирликда, Ватандан йироқда кечган ҳиссиётлари дунёсига китобхонни олиб киради. Китобни варақлаб илҳом, ижод завқи шоирни бир лаҳза бўлса-да тарк этмаганига гувоҳ бўлиш мумкин.
– Абдулла ака шеърларини халқ ўқишини жуда хоҳлардилар, – деди шоирнинг умр йўлдоши Ҳанифа Мустафоева. – Шунинг учун ҳам шеър ёзар эдилар. Шеърлари чиқмай қолган пайтлар ҳам бўлди. 2015-2016 йилларда АҚШга бордик. Авваллари хизмат юзасидан кўп марта хорижга борган бўлсалар-да, бундай эркин тарзда биринчи марта четга чиқишлари эди. Уч ойда 120 дан зиёд шеър ёздилар. Бу шеълар Алишер Назар орқали интернетда чиқди. Янги китобларда Абдулла аканинг юрагида ўзи билан олиб кетган изтиробли шеърлари бор.
– Отамнинг номларини абадийлаштириш бўйича кўплаб ишлар олиб борилмоқда, – деди шоирнинг фарзанди Шоира Орипова. – Деярли ҳар куни отам хотираси билан боғлиқ янгиликлар бизга келиб туради. Бу бизларни жуда ҳаяжонга солади. Отамни кўрган, уни қадрлаган инсонлар биз учун ҳам ғоят қадрли.
Адабий тадбирда шоирнинг ижоди, унинг янги китоблари хусусида фикрлар билдирилди. Устоз ижодкор шеърларидан намуналар ўқилди.
Назокат Усмонова, Аҳмад Тўра (сурат), ЎзА