Жорий йилнинг иккинчи чорак якуни бўйича Тошкент вилоятидаги 1 минг 25 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ҳоким ёрдамчиларининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (КPI) “Онлайн маҳалла” платформаси орқали автоматик равишда 100 баллгача тизим бўйича баҳоланган эди.
Шундан келиб чиқиб, ҳудудда энг яхши натижа кўрсатган, “Сайхунобод”, “Уйчи”, “Ғиждувон”, “Зарбдор” тажрибаларини татбиқ этишда фаоллиги, шунингдек, “Энг фаол ҳоким ёрдамчиларининг ТОП-100” талигига кирган Ангрен, Бекобод, Нурафшон шаҳарлари, Бўка, Бўстонлиқ, Зангиота, Қибрай, Оққўрғон, Оҳангарон, Паркент туманларидаги маҳаллаларнинг ўн нафар ҳоким ёрдамчилари сараланди. Нурафшон шаҳрида ташкил этилган тадбирда уларга Тошкент вилояти ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва мукофотлар топширилди.

– Фаолиятим юқори баҳоланганидан хурсандман, – дейди Зангиота тумани “Қиргузар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси Асия Қудайбергенова. – Маҳалладаги 448 та хонадон тўлиқ хатловдан ўтказилди ва онлайн маҳалла платформасига киритилди. Йил бошидан ишсиз 32 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, 90 нафар меҳнатга лаёқатли ишсиз ўзини ўзи банд қилиш ва норасмий ишлаётганларни легаллаштириш орқали бандлиги таъминланди.
Ҳудудда 10 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил қилинди. Фаолиятини тўхтатган 20 та тадбиркорга амалий ёрдам берилди. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида жами 4 та лойиҳага 70 миллион сўм кредит маблағлари ажратилди. Умуман олганда, ҳали олдимизда турган вазифалар жуда кўп.

Қайд этилганидек, маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантиришнинг ички имкониятларини ишга солиш, доимий даромад манбаига эга бўлмаган ва ишсиз аҳолининг, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг қизиқишларини ўрганиш орқали уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўргатувчи ўқув марказларига йўналтириш ҳамда ўқишни тамомлаган битирувчиларнинг бандлигини таъминлашга ёрдам бериш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда.
Айниқса, жойлардаги мавжуд бўш иш ўринларини ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг мавсумий ишчиларга бўлган талабини аниқлаш орқали ишсизларни, биринчи навбатда, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар ва хотин-қизларни бўш (вакант) иш ўринларига жойлаштирилаётгани айтиб ўтилди.
А.Мусаев, ЎзА.