Ижодга ғоят катта масъулият билан ёндашиш, фикрни равон, лўнда ифодалаш, ўз-ўзига талабчанлик, шогирдпарварлик атоқли устоз адиб Абдулла Қаҳҳорга хос фазилатлардан эди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси, драматург ва таржимон Абдулла Қаҳҳор туғилган кун муносабати билан бир гуруҳ ижодкорлар ёзувчининг пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонидаги ҳайкали пойига гул қўйиб, Қаҳҳор асарларининг адабиётимизда тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида фикр юритди.
Шу куни Тошкент шаҳар Яккасарой туман ҳокимлиги, Маданий мерос агентлиги тизимидаги Абдулла Қаҳҳор уй-музейи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда ХХ аср ўзбек адабиётининг йирик намоёндаси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор таваллудининг 117 йиллиги ҳамда моҳир таржимон ва адабиётшунос олима Кибриё Қаҳҳорова таваллудининг 110 йиллиги муносабати билан Абдулла Қаҳҳор уй-музейида «Абдулла Қаҳҳор моҳир ҳикоянавис» номли адабий, илмий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Яккасарой туман ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессорлари, адабиётшунос олимлар, шоирлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Адабий тадбирда устоз ижодкор Абдулла Қаҳҳор асарларининг аҳамияти, ўзига хослиги хусусида батафсил фикр юритилди. Шунингдек, ХХ аср ўзбек адабиётининг йирик намоёндаси Абдулла Қаҳҳор ҳамда Кибриё Қаҳҳорованинг биргаликда яшаган ҳаёт ва ижод йўллари тўғрисида сўзловчи «Чорак аср ҳамнафас» китобининг учинчи нашри тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу китобда Кибриё Қаҳҳорованинг адиб билан ўтказган 25 йиллик ҳаётининг энг соҳир лаҳзалари ҳақида ҳикоя қилинади.
Ушбу тадбир Абдулла Қаҳҳор ҳамда Кибриё Қаҳҳорованинг адабий меросини ёш авлодга етказиш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди. Абдулла Қаҳҳор ижодидаги фикрни қисқа ва лўнда ифода этиш, миллий руҳ, воқеликларни теран ифода этиш маҳорати адабиётшунос олимлар томонидан юксак эътироф этилган. Айни пайтда Абдулла Қаҳҳор ижодининг етук ва баркамоллигида адабиёт билимдони, моҳир таржимон, ношир, журналист Кибриё опа Қаҳҳорованинг хизматлари беқиёсдир.
Тадбирда сўзга чиққан иштирокчилар ҳар икки ижодкорнинг адабиётга қўшган муносиб ҳиссаси ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
Н.Усмонова, ЎзА