Наманган вилоятининг олис туманларидан бири Учқўрғонда Ўзбекистон ва Қирғиз Республикасини боғловчи “Учқўрғон” ва "Кенгсай" чегара божхона постлари очилиши қардош икки халқ учун унутилмас тарихий байрамга айланди.
Президентимиз шу йил март ойида Наманган вилоятига ташрифи чоғида фаоллар билан учрашувда “Учқўрғон” автойўл ўтказиш пунктини ишга туширишни жадаллаштириш зарурлиги ҳамда мазкур пост яқинида хитойлик ҳамкорлар билан “Учқўрғон-Кенсай” логистика марказини барпо этиш режалаштирилганини таъкидлаган эди.
Ўзбек ва қирғиз халқлари узоқ кутган воқеа “Учқўрғон” ва "Кенгсай" чегара божхона постлари ҳар икки мамлакат фуқароларга хизмат кўрсатишни бошлади. Мазкур иншоотлар Наманган вилояти ҳокимлигининг “Капитал қурилиш соҳасида буюртмачи хизмати” ДУК буюртмаси асосида қарийб 70 миллиард сўм маблағ эвазига барпо этилди.
Ҳар икки республика мутасаддилари, Наманган ва Жалолобод вилоятлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар иштирокида ҳар икки ўтказув пунктининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
[gallery-19255]
Тантанали тадбирда Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Боқит Тўрабоев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Очилбой Раматов “Учқўрғон” ва "Кенгсай" чегара масканларининг очилиши, энг аввало, икки мамлакат давлат раҳбарлари – Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаровнинг ўзаро дўстона сиёсати, 2024 йил 24 июль куни Тошкентда бўлиб ўтган икки томонлама музокараларда эришилган келишувлар, қолаверса, амалдаги Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, Стратегик шериклик, дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларация самараси бўлганлигини алоҳида таъкидлади.
Рамзий лента қирқилгач, ўзаро дўстлик рамзи сифатида дарахт кўчатлари экилди. Икки тарафдан дастлабки юк машиналарининг ўтиши ҳаяжонли кечди.
Шундан сўнг, давлатлар расмий доиралари ва икки халқ вакиллари ўтказиш пунктларида яратилган шароитлар билан танишди.
Мазкур божхона чегара постининг очилиши нафақат Наманган вилояти, балки Фарғона водийси учун икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда катта қулайликлар яратади. Шунингдек, ҳудуд иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга бўлади. Логистика, хизмат кўрсатиш соҳалари ривожланади.
Тантанали тадбирда ўзбек ва қирғиз санъат усталари тарихий воқеадан завққа тўлган одамларни рақсга чорлади.
ЎзА мухбири тадбир қатнашчиларининг айримларидан интервьюлар олди.
– Давлатимиз раҳбарининг қўшни Марказий Осиё мамлакатлари билан яқин қардошлик алоқаларини тиклаш борасидаги сиёсий ирода ва ташаббуси халқларимиз ўртасида узилиб қолган дўстлик ришталари тикланишига катта йўл очди, – дейди Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов. – Бунинг натижасида чегаралар очилиб, ўзаро савдо-иқтисодий, маданий алоқалар йўлга қўйилди. Бугун фойдаланишга топширилган “Учқўрғон” ва “Кенгсай” постлари 2010 йилда ёпилиб қолганди. Бу эса икки томонлама алоқаларнинг узилиб қолишига сабаб бўлганди. Чегара постлари замонавий талаблар асосида қайтадан барпо этилгани Учқўрғон ва Ноокен туманлари аҳли, айниқса, вилоятимиз тадбиркорлари учун катта байрам бўлди. Эндиликда биз қўшни давлат билан иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, текстиль, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларининг нафақат чегарадош, балки хорижий давлатларга экспортини янада тезлаштириш имкониятига эгамиз.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/mHXPjIEFwJQ" title="Sogʻinch yaralari endi bitgaydir" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
–Мактабимиз чегара ҳудудида жойлашган. Билим масканимизда бир қатор миллат вакиллари, шу жумладан, қирғиз миллатига мансуб ўқувчилар ҳам таҳсил олади, – дейди Учқўрғон туманидаги 37-сонли умумтаълим мактаби директори Муҳаббатхон Турсунова. – Бизнинг Бўстон қишлоғи аҳлининг тили, тарихи ва маданияти бир-бири билан узвий боғлиқ бўлган қўшни Қирғизистон билан ўзаро дўстлик, қариндош-уруғчилик, қуда-андачилиги бор. Чегара постларининг очилиши йўлларимизни янада яқинлаштирди, бундан беҳад миннатдормиз.
Дарҳақиқат, ҳар икки дўст элларнинг узоғини яқин, мушкулини осон, соғинч яралари битишига хизмат қиладиган янги чегара маскани Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаларига кириш-чиқишни 500 километрга қисқартиради. Ушбу маскандан кунига 500 тадан ортиқ юкли ва 300 дан зиёд енгил транспорт воситаси ҳамда 10 минг нафарга яқин аҳоли ҳаракатланиши кутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, “Учқўрғон” ва “Кенсай" назорат-ўтказиш пунктлари фаолиятининг қайтадан йўлга қўйилгани нафақат Наманган ва қўшни давлатнинг Жалолобод вилоятлари аҳолиси фаровонлигини оширишга ҳисса қўшади, балки бутун Фарғона водийсида ташқи савдо юклари ҳаракатида янги даврни бошлаб беради. Қолаверса, Ўзбекистон ва Марказий Осиёда туризм салоҳиятини янада кенгайтиради. Чунки, айнан ушбу постлар мамлакатимизга келган туристларнинг Қирғизистон ҳамда Хитойга ўтиб- қайтишлари ва транзит ўтишлари учун энг қисқа, қулай ҳисобланади. Наманган вилоятининг янги чегара пости жўғрофик жиҳатидан бевосита Қирғиз Республикасининг “Ўш-Бишкек” довон авто йўлига ҳам яқиндир.
Зеро, шоира Дилбар Ҳайдарова ёзганидек, “Соғинч яралари энди битгайдир!”
Оқилхон Дадабоев (видео), Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА мухбирлари