Хабар қилинганидек, пойтахтимизда “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида “Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2024" 15-Марказий Осиё халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Унда 22 давлатдан 403 та компания ўз маҳсулотлари билан қатнашмоқда. Муҳими, у яна бир бор минтақадаги соҳа мутахассислари билан учрашиш, тўқимачилик ва тикув-трикотаж ускуналарининг дунёдаги етакчи ишлаб чиқарувчиларининг сўнгги янгиликларини кўриш, маслаҳатлар ва техник кўмак олиш каби масалаларда мулоқот майдонини яратиб берди.
“Iteca Exhibition” халқаро кўргазмалар компанияси менежери Нодира Ҳайитбоеванинг маълум қилишича, унда 87 фоиз хорижий иштирокчилар қатнашмоқда. Бунинг боиси тўқимачилик ускуналари ва технологияларининг энг замонавийлари айнан улар ҳиссасига тўғри келиши билан боғлиқдир.
[gallery-19232]
– Кўргазмада Хитой, Туркия, Италия, Германия, Ҳиндистон компаниялари кўпчиликни ташкил этяпти. Масалан, 44 та Германия ишлаб чиқарувчиси ўзининг энг илғор ишланмалари ва инновацияларини ҳавола этмоқда. Италиянинг 48 та компанияси томонидан тақдим этилаётган 17 та йирик тараш, бўяш, пардозлаш ускуналари, назорат-ўлчов асбоблари, кесиш тизимлари, трикотаж ускуналари учун аксессуарлар, тўқув ёрлиқлари ва биркалар ишлаб чиқариш учун ускуналар намойиши томошабинлар диққат марказида. Туркиядан 70 дан ортиқ ишлаб чиқарувчи эса ўз маҳсулотлари тақдимоти билан маҳаллий ишбилармонларни ҳамкорликка ундамоқда, – деди Н. Ҳайитбоева.
Туркия “TEMSAD” уюшмаси ўз стендини учинчи павильонда жиҳозлаган. Катта майдонни эгаллаган уюшма стендида Япония, Италия каби тўқимачилик ускуналарининг қай тарзда ишлаш жараёнларини қизиқувчиларга бирма-бир кўрсатиб бермоқда.
Туркия “TEMSAD” уюшмаси менежери Нарзимбой Норметовнинг сўзига кўра, ушбу уюшма тақдим этган ускуналардан Ўзбекистон тўқимачилик саноатида кенг фойдаланилади.
– Уюшма ҳақида тўхталадиган бўлсак, у 1998 йилда турк тўқимачилик машинасозлиги секторига хизмат кўрсатиш мақсадида ташкил этилган. Тўқимачилик машиналари ва аксессуарлари саноатчилар уюшмаси (“TEMSAD”) ўз фаолиятини бошлаган дастлабки кундан бошлаб, мазкур соҳанинг ривожланишига ҳисса қўшиб келмоқда. Кўргазмага тўхталадиган бўлсам, иштирокчиларга ускуналаримиз манзур бўлмоқда. Италиянинг пайпоқ тўқиш, Япониянинг матоларга дастур асосида гул солиш ускуналари уларнинг қизиқишини орттирмоқда. Ҳатто ўзимиз уларга қай тарзда матога гул солишу пайпоқ тўқиш техникасини кўрсатиб беряпмиз, – деди Н.Норметов.
Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев, ЎзА