Бугун, 10 сентябрь куни Венгриянинг Будапешт шаҳрида 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси бошланади.
197 та эркаклар, 184 та аёллар жамоалари иштирок этаётган мазкур олимпиадада Ўзбекистон шахматчилар жамоаси ҳар икки гуруҳда юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов ва Жаҳонгир Воҳидовдан иборат Ўзбекистон терма жамоаси бундан икки йил муқаддам Ченнайда ғолибликни тантана қилган жамоа сифатида иштирок этади.

Афрўза Ҳамдамова, Нилуфар Ёқуббоева, Умида Омонова, Маржона Маликова ҳамда захира ўйинчи ҳисобланган Нодира Нодиржоновадан иборат аёллар жамоамиз аввалги натижаларини яхшилаш йўлида кураш олиб боради. Ўзбекистон эркаклар жамоасига собиқ жаҳон чемпиони Владимир Крамник мураббийлик қилса, аёллар жамоасини россиялик гроссмейстер, шахмат олимпиадаларининг уч карра ғолиби Алексей Дреев бошқаради.
Мусобақалар 23 сентябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА