Тиббиёт ва ислоҳот
Сурхондарёда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар ва унинг сифати ҳақида андаккина сўзамоллик билан гап очилгудек бўлса, беихтиёр ўйга толиб қоламан. Кўз олдимда ўтган йиллардаги тиббиёт муассасаларининг шароити ва шифокорларнинг заҳматли меҳнатлари гавдаланади. Тоби қочиб, оғирроқ касал бўлса, қўшни вилоятлар ёки мамлакатимиз пойтахтидан шифо излаган, буйрак, юрак етишмовчилиги, баъзи ҳолларда ошқозон-ичак ва бошқа касалликларини жарроҳлик йўли билан даволатиш учун қарз-қавола кўтариб, хорижга йўл олган танишлар ёдга тушади.

Бу воқеага чамаси ўн беш йилдан ошиб қолди. Кечки пайт. Пойтахтда эдим. Қўл телефоним жиринглади. Рақамни эслай олмадим-у, суҳбатдошимнинг овози таниш туюлди. Салом-аликдан сўнг биродарларимиздан бирининг тоби қочиб, шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига тушиб қолганини хабар қилди. Аҳволи оғирлигидан яқинлари хавотир олаётганини маълум қилди. Қўлимдан келса шифокорларининг каттаси билан гаплашиб, ёрдам кўрсатишимни сўради. Тошкентдалигимни айтиб, ҳозир шифокорларга қўнғироқ қиламан, десам ҳам унамади. “Танишингиз кўп. Илтимос, келиб юзма-юз гаплашинг. Ёрдам беринг, сиздан бошқа кимга ҳам айтамиз, духтирларнинг каттасини танимасак”, дея дардини ёзинқираган бўлди.

Мўлжалдаги ишларимни йиғиштириб, шошилинч йўлга отландим. Самолёт йўқ, поезд кетиб бўлган. Таксига ўтирдим. Йўл-йўлакай шифокорлар билан гаплашиб, биродаримизнинг аҳволини сўрадим. Жонлантириш бўлимида экан. Турли хаёллар билан эрта тонгда касалхонага етиб келдим. Навбатчи шифокор қабулига кириб, беморнинг аҳволи билан қизиқдим. Буйракка сув тўпланган. Қорин шишган. Пешоб қонга ўтиб, баъзан алахсиратиб ҳам ташлаяпти. Зудлик билан диализ олиши керак. Лекин, бутун бошли тез ёрдам шифохонасида диализ аппарати йўқ!
- Яна қандай ёрдам кўрсатиш мумкин?
– Бир сироп айтгандик. Қариндошлари топиб келишолмаяпти. Хорижники. Маккажўхори попугидан олинади. Ана шу сироп бўлганида ҳам аҳволини андак енгиллаштириш мумкин эди, – дейди навбатчи шифокор.

Доктордан сиропнинг номини сўраб, Тошкентга қўнғироқ қилдим. Хаёлим Янги ТошМИ тарафдаги дорихоналарга кетди шекилли, ўша ёқдан олиб, тезда самолёт билан жўнатиб юборишларини сўрадим.
Гаплашиб бўлгач, яна шифокорга юзландим.
– Ака, шу биродаримиз билан бир салом-алик қилишга рухсат бера оласизми? Ўзингиз эшитдингиз, дорини тушгача олиб келиб бераман.

– Майли сиропни олиб келгач, кириб кўрарсиз. Унгача биз укол бериб, сиз билан гаплашишга тайёрлаймиз. Тўғри тушунинг. Ҳозир сизни кўриб, қувонса ҳам, хафа бўлса ҳам нариёққа кетиб қолиши мумкин. Аҳволи ростдан ҳам яхши эмас.
Орадан уч соатлар ўтди. Сиропни келтириб, шифокорнинг қўлига тутқаздим. Дарҳол тиббиёт ҳамширасини чақирдию, суюқ малҳамни қандай ичиришни тушунтирди. Мени ҳам киритиб, ҳол-аҳвол сўрашимни, бироқ, узоқ қолиб кетмаслигимни тайинлади.
Эртаси куни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига бориб, яна шифокорлар билан маслаҳатлашдим. Пойтахт шифохоналаридан бирига йўлланма беришди. Биродаримиз Тошкентда анча даволанди. Жарроҳлик амалиётини ўтказиб, оиласи бағрига қайтиб келди.

Биласизми, нега бу воқеани эсга олдим? Яқин йилларгача вилоят тиббиёт муассасаларида айрим ноёб замонавий аппаратлар йўқлиги, шифокорлар етишмаслиги жиддий муаммолардан бирига айланган эди. Ва яна ўша йилларда дорихоналарда шифокор ёзиб берган баъзи дори топилмай қолар эди.
Вилоятда кейинги етти-саккиз йилда юз берган ўзгаришлар оғриқли бу масалаларнинг ечимини топди. Президентимиз ташаббуси билан Термиз шаҳрида олий маълумотли тиббиёт ходимларини тайёрлайдиган таълим муассасаси ташкил этилиб, кадрлар танқислигига чек қўйилмоқда. Шаҳар ва қишлоқларда янги тиббиёт муассасалари бунёд этилиб, замонавий хориж аппаратлари билан жиҳозланаётир. Дорихоналардан истаган дори-дармонни топишингиз мумкин.

“Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” ғояси асосида босқичма-босқич амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар воҳада кўп учрайдиган касалликларни эрта аниқлаш, беморларни олис-олисларга саргардон қилмай, вилоятнинг ўзида самарали даволаш, мураккаб жарроҳлик амалиётларини шу ернинг ўзида муваффақиятли ўтказишга қулай шароит яратди. Юрак касалликларини жарроҳлик усулида даволашнинг йўлга қўйилганига, тиббиёт муассасаларининг диализ ва бошқа ноёб аппаратлар билан жиҳозланганига тўрт-беш йил бўлиб қолди. Маҳаллий шифокорлар учун энди буйрак кўчириб ўтказиш муаммо эмас. Вилоят марказидаги ихтисослашган шифохоналарга кирсангиз, мутахассислари ҳам, асбоб-ускуналари ҳам пойтахтдагидан қолишмайди. Яқин йилларда воҳада йўлини топган инсонлар хорижга бориб, даволаниб келган бўлса, эндиликда вилоятдаги касалхоналарда қўшни давлатлардан келган беморлар даволаниб, ўз дардига шифо топмоқда.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида аҳолининг ўртача умр давомийлигини ошириш, бирламчи тиббий хизматларни янада яқинлаштириш ва соғлиқни сақлаш соҳасининг бошқа қатор йўналишларида аниқ вазифалар белгилаб берилган. Бугун вилоятда бу борадаги ишлар изчил давом этмоқда. Шу мақсадда давлат тиббиёт муассасаларида ҳам, хусусий секторда ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилиб, давлат ва нодавлат тиббиёт муассасалари ўртасида ҳалол рақобат шаклланмоқда. Масалан, Термиз шаҳрида лойиҳа қиймати 78,7 миллиард сўмлик “Тиббиёт кластери” бунёд этилди. Айни пайтда атрофи ободонлаштирилиб, салобатли кўп қаватли бино замонавий хориж аппаратлари билан жиҳозланмоқда.
– Бу ерда юқори технологик тиббий муолажалар амалга оширилади, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Комил Абдувоҳидов. – Бинода 300 ўринли тиббиёт маркази, 450 ўринли ўқув хоналари ва конференциялар зали ташкил этилмоқда. Янги муассаса ишга тушгач, халқимизнинг бошқа ҳудудларга бориб, шифо излашига тўлиқ чек қўйилади. Бу йилига ўртача 14,3 миллиард сўм маблағни тежайди. Давлатимизнинг одамлар қадрини улуғлаётганини мана шу лойиҳа мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Бу бинолар ўз-ўзидан барпо этилиб қолаётгани йўқ. Буларнинг барчаси мамлакатимиздаги тинчлик, фаровонлик ва инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган изчил сиёсат самарасидир.

Вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги бундай улуғвор ишлар воҳанинг чекка ва олис ҳудудларида ҳам амалга оширилмоқда. Янги тиббиёт муассасалари қурилиб, мавжудлари реконструкция қилинаётир. Хорижнинг замонавий асбоб-ускуналари билан таъминланмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида ўнта оилавий шифокорлик ва оилавий поликлиникада таъмирлаш, реконструкция ишлари амалга оширилди. Қўшимча маблағлар ҳисобидан 10 та бирламчи тиббиёт муассасаси тубдан таъмирланмоқда. Бунинг учун 15 миллиард сўм маблағ ажратилган. Воҳадаги оилавий поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктлари 3,1 миллиард сўмлик 117 та стоматологик аппарат ва 4 турдаги тиббий жиҳоз билан таъминланди. Ёки ўтган йили 94 та оилавий поликлиникага доплерли УЗИ ва ЭКГ аппаратлари етказилган бўлса, бу йил 96 та оилавий поликлиника физиотерапевтик аппаратура билан жиҳозланди. Мавжуд кўп тармоқли марказий поликлиникаларнинг барчасига аёллар ўртасида бачадон бўйни саратони касаллигини эрта босқичда аниқлаш ва даволаш имкониятига эга қиймати 1 миллиард 267 миллион сўмлик кольпоскоп аппарати харид қилинди.

Тиббий хизмат кўрсатиш тамомила янги босқичда юксалаётган воҳанинг Шўрчи, Қумқўрғон, Бандихон, Сариосиё ва бошқа қатор туманларида тубдан реконструкция қилинган, янгидан қурилган тиббиёт муассасалари фойдаланишга топширилгани ҳам соҳа юз тутаётган янгиланишлар натижасидир. Битта мисол, шу йил Шўрчи тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли “Толли” ҳудудий бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Замонавий тиббиёт муассасасида 54 нафар малакали шифокор ва ўрта тиббиёт ходими тумандаги Гулистон, Олийҳиммат, Толли, Шакаркўл, Конобод маҳалларидаги 25 минг кишига хизмат кўрсатади. Уни қуриб, жиҳозлаш учун 2 миллиард 400 миллион сўм маблағ сарфланди. 10 ўринли болалар ва 15 ўринли туғруқ бўлими бунёд этилди.
Қишлоқларда қурилаётган замонавий тиббиёт муассасалари саломатлигимиз посбонларининг аҳолига тезкор, сифатли хизмат кўрсатиш имкониятини янада ошириб, касалликларни барвақт аниқлаш, профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш, диагностика ва даволашнинг замонавий усулларини кенг жорий этишга қулай муҳит яратаётир. Бу жараёнда одамлар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлигини тиклаш баробарида тиббиёт ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиб, қулай меҳнат шароити яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида аҳоли орасида патронаж тизимини яхшилаш, уйда ётиб қолган беморлар ҳолидан ўз вақтида хабар олишига қулайлик яратиш учун Жарқўрғон, Сариосиё, Шўрчи, Ангор, Узун, Бандихон туманларида юзга яқин патронаж ҳамширага “Скутер” тарқатилди. Замонавий планшет берилди. Тиббиёт муассасаларига 25 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига ангиограф, артроскоп, рақамли рентген, диагностика аппарати, физиотерапия, лаборатория жиҳозлари етказилди. Аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тизимни такомиллаштириш, сурункали касаллиги мавжуд беморларни соғломлаштириш, патронаж тизимини янги босқичга кўтариш юзасидан вилоят тажрибаси ҳам яратилмоқда. Хуллас, соҳада амалга оширилаётган барча ишлар халқимиз қадрини юксалтириб, аҳоли соғлигини ишончли муҳофаза қилиш ва одамларнинг ҳаётидан рози бўлиб яшашини таъминлашга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири