Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмасининг энг йирик лойиҳаларидан бири — «Мустақиллигимизнинг 33 йиллигига 33 та лойиҳа» танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида энг яхши лойиҳалар кўргазмаси ташкил этилди.
Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев ва «Бизнесни ривожлантириш банки» акциядорлик тижорат банки бошқаруви раиси Сахи Аннақличев мамлакатимизда миллий анъана ва қадриятлар ривожига бўлган эътибор маҳаллаларга кўрсатилаётган амалий кўмак мисолида намоён бўлаётганини таъкидладилар.
Маҳаллалардан белгиланган тартибга мувофиқ танловда иштирок этиш учун 28 минг 356 та лойиҳа келиб тушди.
Мазкур лойиҳанинг ёрқин йўналишларидан бири «Бизнесни ривожлантириш банки» акциядорлик тижорат банки билан ҳамкорликда ташкил этилган «Маҳалла тараққиёти учун энг яхши бизнес лойиҳа» республика кўрик-танлови бўлиб, унда тадбиркорлар ўз бизнес лойиҳалари билан фаол иштирок этдилар. Маҳаллаларда амалга оширилаётган бизнес лойиҳаларни аниқлаш ва молиялаштириш, бизнес лойиҳалар ташаббускорларини рағбатлантириш мақсадида ўтказилган мазкур кўрик-танловда тадбиркорлар фаол иштирок этдилар. Хусусан, танловга республика бўйича 1 189 та онлайн ариза келиб тушди.
Лойиҳалар ташаббускорлари www.biznes-portal.uz электрон платформаси орқали ариза юбориб, «Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш» комплекс дастури иштирокчисига айланган бўлиши танловнинг асосий шарти сифатида белгиланди.
Танловга келиб тушган лойиҳаларни баҳолашда маҳаллаларда янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини оширишга қаратилган бизнес лойиҳаларга устуворлик берилди.
Ташкил этилган тантанали маросимда кўрик-танлов Республика босқичининг ғолиб ва совриндорлари тақдирланди.
Энг яхши 33 лойиҳа эгаларига Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмасининг қимматбаҳо совғалари топширилди.
Н. Усмонова, ЎзА