Мамлакатимизда 2024 йил 27 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган навбатдаги сайловлар сиёсий партиялар фаолияти натижаларини сарҳисоб қилиш имконини беради.
Конституция ва сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар жорий йилги сайловларни ўтказишда шаффофликни таъминлаб беради. Ҳақиқатан, демократиянинг асосий принципларидан бири сифатида кўриладиган очиқ ва ошкора сайловлар, унда сиёсий партиялар ва сайловчиларнинг фаол бўлиши, мамлакат истиқболи учун муҳим омил ҳисобланади.
Ўзбекистонда Сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартиришлар сиёсий партиялар ўртасида соғлом рақобатни кучайтиришга, сайловларни демократик, очиқ ва ошкора ўтказишга хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, сайловчиларнинг ҳам қизиқишини ошириши табиий. Адолатли сайлов тизими халқнинг ўз ваколатларини амалга ошириш ва давлат бошқарувига таъсир ўтказиш учун муҳим восита ҳисобланади.
Жорий йилги сайловлар мамлакат тарихида илк бор аралаш сайлов тизимида ўтказилмоқда. Қонунчилик палатасида мавжуд 150 та депутатлик ўрнининг 75 таси мажоритар сайлов тизими асосида ўтказилади. Яъни сайловчилар мавжуд 5 та сиёсий партия томонидан илгари сурилган (овоз бериш бюллетенида исм-шарифи мавжуд бўлган) аниқ номзодга овоз беради. Қонунчилик палатасининг қолган 75 та депутатлик ўрни пропорционал сайлов тизими асосида ўтказилади. Соддароқ қилиб айтганда, пропорционал сайлов тизимида сайловчилар аниқ номзодга эмас, балки сиёсий партияга овоз беради.
Ҳозирда 30 дан ортиқ мамлакатларда аралаш сайлов тизими қўлланилади. Масалан, Германияда аралаш сайлов тизимидан Федерал парламентнинг қуйи палатаси бўлган Бундестагни шакллантиришда қўлланилади. Бундестагнинг ярим депутати бутун мамлакат ҳудуди бўйлаб бир мандатли мажоритар сайлов тизими орқали сайланади, қолган ярми эса кўп мандатли сайлов округи орқали сиёсий партиялар берган рўйхат асосида пропорционал тизим бўйича 5 фоизлик белгиланган барьер бўйича шакллантирилади. Италияда эса парламент иккала палатасининг 3/4 қисми мажоритар сайлов тизими орқали бир мандатли сайлов округи бўйича нисбий кўпчиликка таянган ҳолда, қолган 1/4 қисми эса пропорционал сайлов тизими асосида, партиялар рўйхати бўйича шакллантирилади.
Пропорционал сайлов тизими асосида сиёсий партияларга берилган овозлар асосида шакллантириладиган 75 та депутатлар ўрни ҳақидаги маълумотлар сайловчилар қизиқишини уйғотмоқда, қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Қайд этиш лозим, айнан мана шу жиҳатлар, киритилаётган янгиликлар, нафақат маҳаллий экспертлар ва сайловчилар, балки хорижий кузатувчиларнинг ҳам диққат марказида бўлади.
Бу жараёнларда сайловларнинг очиқ ва ошкора ўтказилишини таъминлаш муҳим ҳисобланади. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 3-моддасида сайловлар очиқ ва ошкора ўтказилиши алоҳида қайд этилган. Шунингдек, 8-моддада Сайловга тайёргарлик жараёнлари ва уни ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ва ошкора амалга ошириши белгилаб қўйилган.
Юқоридагиларга мувофиқ, мамлакатда фаолият юритаётган Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кузатувчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг кузатувчилари сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирларда шунингдек, сайлов ўтказиладиган кун овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Лекин бу ваколат суиистеъмол қилинмаслиги лозим. Камчиликлар мавжуд бўлган тақдирда жойида айтилиши, тузатишлар киритилиши мумкин, бу нохолис танқидларга асос бўлмаслиги керак.
Очиқ сайловларда ҳар бир сайловчи ўз фикрини эркин билдириши, овозини эркин ва хоҳишига кўра бериши сайлов жараёнига бўлган ишончни оширишга ёрдам беради.
Ошкоралик сайлов кампанияси барча босқичларининг қонун доирасида ўтказилишини таъминлайди, ҳар бир инсон сайлов жараёни ва натижаларини бевосита кузатиб бориши, тегишли ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва сайлов жараёнининг адолатли ва шаффоф бўлишини кафолатлайди.
Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси ҳамда сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар жорий йилги сайлов жараёнининг адолатли ва шаффоф бўлишига, очиқ ва ошкора ўтказилишига хизмат қилади.
О.Зарипов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази масъул ходими