Президент топшириғи амалда
Тошкент вилояти божхона бошқармаси бошлиғи К.Умаров бошчилигидаги Ишчи гуруҳ томонидан саноат тармоқларида ўрнатилган қуёш панеллари ҳолати ўрганилди.
Жумладан, Чирчиқ шаҳрида жойлашган калава ип ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Compact Textiles Yarn” МЧЖ корхонасининг том қисмига ўрнатилаётган қуввати 5 минг 852 киловаттга тенг бўлган қуёш панелларини ўрнатиш жараёнлари кўздан кечирилди.
Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг 6 ойида саноат корхоналаридаги 204,5 минг киловатт қувватлик қуёш панеллари ҳисобидан электр энергияси ишлаб чиқилган. Шу билан бирга, Тошкент вилояти бўйича “Яшил энергия” ахборот тизимига киритилган ва тасдиқланган маълумотлар доимо мониторинг қилинмоқда. Ишчи гуруҳ томонидан олиб борилаётган тарғибот ишлари натижасида ҳудуддаги 36 та тўқимачилик корхоналарида қуввати 802,7 кВт. бўлган қуёш панеллари ўрнатилганлиги аниқланди.
– Элликдан зиёд корхона вакиллари ишлаб чиқариш ҳудудида қуввати 665 кВт. бўлган қуёш панелларини ўрнатиш истагини билдирган, – дейди Тошкент вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Умаров. – Шу билан бирга, 11 та корхонада кредит эвазига қуёш панеллари ўрнатиш эҳтиёжи борлиги аниқланди. Шу сабабдан тегишли банк муассасасига мурожаат қилиниб, маблағлар ажратиш чоралари кўрилмоқда. Асосий мақсадимиз ҳудуддаги саноат тармоқларида энергия ресурслари таъминотини яхшилаш, “Яшил энергия” қувватларини яратиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш ва шунга яраша инфратузилмани ривожлантиришдир.
Президентимиз томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш бўйича устувор вазифалар белгиланган. Жумладан, тадбиркорларга қуёш энергиясидан фойдаланишда қўшимча енгилликлар яратилиши таъкидланиб, қуёш панели, инвертор ва аккумуляторларни импорт қилишда божхона имтиёзлари яна беш йилга узайтирилди. Шуни эътиборга олиб жойларда бу борадаги ўрганиш ва тарғибот ишлари давом этмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.