Нурафшон шаҳрида энергия ресурсларидан тежамкорликда фойдаланиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш юзасидан кўргазмали ўқув-семинар ташкил этилди.
Унда вилоят прокуратураси, вилоят ва туман-шаҳар ҳокимликлари, таъминотчи корхоналар, 150 нафар маҳалла раислари ҳамда алоқадор ташкилот раҳбарлари иштирок этди. Дастлаб вилоят прокурори С.Эшқувватов энергияни иқтисод қилиш ускуналари ва тежамкор ҳисоблагичларни ўрнатишнинг хонадон эгаларига афзалликлари, истеъмол маданиятини шакллантиришда масъул идоралар, маҳалла тизимининг ўрни ҳақида сўз юритди.
Қайд этилишича, Тошкент вилояти маҳаллаларидаги 14 минг 929 та хонадонларга қуёш панеллари ўрнатиш орқали 69 минг 912 киловатт соат электр энергиясини иқтисод қилиниши режалаштирилган. Шуни эътиборга олиб, мутахассислар томонидан қуёш панеллари, гелиоколлекторлар, газ жиҳозлари хусусиятлари ва энергия ресурсларини тежашдаги аҳамияти бўйича бевосита хонадон эгаларига тушунтириш лозимлиги айтиб ўтилди.
Бундан ташқари, вилоят ҳокимининг тегишли қарорига асосан жойлардаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг хонадонларига қуёш панеллари ўрнатилмоқда. Мазкур харажатлар учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 4 миллиард 620 миллион сўм маблағ йўналтирилмоқда. Яъни, 22 та туман-шаҳардаги жами 330 та хонадон қуввати 30 киловатт қуёш панеллари билан белгиланган тартибда таъминланади.
А.Мусаев,ЎзА.