Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги муносабати билан Тошкент музейида «Абу Али ибн Сино – Ўзбекистон ғурури ва жаҳон мероси» мавзусида анъанавий халқаро анжуман ва кўргазма бўлиб ўтди. Ушбу кўргазма Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Ибн Сино жамоат фонди, «Ўзбекистон тарихи» телеканали ва Павел Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Анжуманда шарқшунослар, тарихчилар, файласуфлар, исломшунослар, шифокорлар, шунингдек, ННТ вакиллари, жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Абу Али ибн Сино ҳаёти, илм-фанга қўшган ҳиссаси алоҳида тилга олинди. Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори Жаннат Исмоилова тадбирда иштирок этган ёшлар учун тарбиявий аҳамиятга эга бўлган «Ибн Сино талқинида тарбия ва ахлоқ масалалари» мавзусида тақдимот қилди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон тарихи давлат музейи ва Ибн Сино жамоат фонди ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Павел Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомчилик мактаби ўқувчилари томонидан яратилган 200 дан ортиқ бадиий асарлар кўргазмаси ташкил этилди. Энг яхши санъат асарлари саралаб олиниб, бир қатор ёш иқтидорли рассомлар Ибн Сино жамоат фонди мукофотлари билан тақдирланди.
Н.Раҳмонова, ЎзА