
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Маданият вазирлигининг 2024 йил биринчи ярим йиллик фаолияти якунлари ҳамда келгусидаги режалар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков соҳада бажарилган ишлар юзасидан батафсил маълумот берди.
Эътироф этилганидек, театрларда қарийб 6 мингга яқин спектакль сеанслари ўтказилиб, уларга 1,8 миллион нафар томошабин ташриф буюрди.
Ҳисобот даврида 80 га яқин спектакль саҳналаштирилди, шундан 10 таси тарихий, 35 таси миллий, 26 таси хорижий саҳна асарларидир.
Биринчи ярим йиллик давомида «Ўзбекцирк» томонидан 254 та сеанс ўтказилди. Уларнинг 213 таси циркда, 41 таси кўчма намойишларда ташкил этилди. Ушбу томошаларга 50 мингдан ортиқ томошабин ташриф буюрди.

2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида 3 минг 236 та оммавий концерт-томоша тадбири ташкил этилиб, уларга 5 миллионга яқин аҳоли қамраб олинди.
Ўтган даврда концерт-томоша муассасалари ижодий жамоаларнинг 228 та маҳаллий ва 28 та хорижий гастроль сафарлари ташкил этилди.
26-30 апрель кунлари Хива шаҳрида «Лазги» II халқаро рақс фестивали, 3-5 май кунлари Бухоро шаҳрида II «Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали», май-июнь ойларида Наманган шаҳрида 63-Халқаро гуллар фестивали, 27-30 июнь кунлари Зомин туманида II Халқаро мақом санъати анжумани ташкил этилди.
Маданият вазирлиги тизимида жами 367 та таълим муассасаси фаолият олиб бормоқда. Жумладан, 325 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 29 та ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаби ва мактаб-интернатлари, 2 та коллеж, 5 та олий таълим муассасаси ва уларнинг 4 та филиали ҳамда 2 та малака ошириш марказлари мавжуд.
Таълим муассасаларида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида 10 дан зиёд турдош таълим муассасалари ва ташкилотлар ўртасида икки томонлама ҳамкорлик шартномалари тузилди.

Маданият ва санъат соҳасида халқаро алоқаларни янада ривожлантириш бўйича ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 20-26 январь кунлари Боку, 20-27 январь кунлари Пекин, 15-20 апрель кунлари Душанбе, 9-12 июль кунлари Тбилиси, 6-9 август кунлари Остона шаҳарларида «Ўзбекистон маданияти кунлари» ўтказилди. Шунингдек, 20-26 февраль кунлари Доҳа шаҳрида «Ўзбекистон маданияти, ҳунармандчилиги ва туризми» ҳафталиги ҳамда 5-11 июнь кунлари Лондон шаҳрида «Ўзбекистон маданияти ва таомлари фестивали» ташкил этилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда 10-14 июнь кунлари «Озарбайжон маданияти кунлари», 22-27 июнь кунлари «Мўғулистон маданияти кунлари», 18-22 июль кунлари «Қирғиз Республикаси маданият кунлари» ўтказилди.
Корея, Туркия, Тожикистон, Беларусь, Қозоғистон Республикалари ҳамда Россия Федерацияси каби давлатлар билан икки томонлама 2024-2026 йилларга мўлжалланган маданий ҳамкорлик дастурлари ва баённомалари имзоланди.
Матбуот анжумани давомида Маданият вазирлиги томонидан 2024 йил иккинчи ярим йиллигида режалаштирилган устувор вазифалар ҳақида ҳам маълумот берилди. Оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
Н.Усмонова, ЎзА