Сўз эркинлиги ҳар бир инсон учун ҳуқуқ, шунингдек, масъулият ва мажбурият ҳам. Мамлакатимизда сўз, фикр эркинлиги Конституция даражасида кафолатланган. Хусусан, қомусимизнинг 33-моддасида белгиланганидек, ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга.
Пойтахтимизда ташкил этилган, судьялар ва суд ижрочиларини сўз эркинлиги ва ахборотдан фойдаланишга оид халқаро стандарт билан яқиндан таништириш мақсадини кўзлаган семинар-тренинг айни жараённи такомиллаштиришга хизмат қилади.
Мазкур йўналишда мамлакатимиз судлари салоҳиятини оширишга қаратилган мазкур медиа дастур UNESCO ва Судьялар олий мактаби ҳамкорлигида ташкил этилди.
12-14 август кунларига белгиланган тадбирда халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий экспертлар, судялар иштирок этмоқда.
Ташаббус Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (SDC) ҳамда UNESCO журналистлар хавфсизлиги бўйича кўп донорлик дастури томонидан молиялаштирилади.
Ўзбекистонда суд тизимининг асосий ҳуқуқни тушуниш ва қўллаш даражасини оширишга қаратилган тренингда сўз эркинлигини ҳимоя қилиш ва ахборотдан фойдаланишни рағбатлантиришга доир халқаро ҳуқуқий база, минтақавий стандарт ва илғор тажриба ҳақида кенг қамровли тушунча бериб борилади.
Машғулот давомида йигирма беш иштирокчи ҳуқуқ доираси, қонуний чеклов, нафрат тили (hate speech), оммавий ахборот воситаларини тартибга солиш ва рақамли ландшафт каби муҳим мавзулар бўйича фикр алмашади.
Қайд этиш керак, UNESCO мамлакатимиз қонунчилик базаси ва амалиётини халқаро стандартга мослаштириш борасидаги саъй-ҳаракатни қўллаб-қувватлайди. Ушбу тренинг нуфузли халқаро ташкилотнинг бутун дунё бўйлаб ОАВ ва сўз эркинлигини тарғиб қилишга қаратилган кенг дастурининг бир қисми ҳисобланади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/to8zxYoiA3U" title="Sud tizimida so‘z va axborot erkinligi ta’minlanadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
– Ушбу тренинг республиканинг сўз эркинлиги ва ахборот олиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлашга садоқатини мустаҳкамлашда муҳим қадамдир, – дейди UNESCO Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади. – Бундай тадбир Марказий Осиёда биринчи марта ташкил этилаётгани йўқ. Дастурларимиз доирасида экспертлар айни ўқув дастурларини Тожикистон ва Қозоғистонда ҳам амалга оширган. Суд тизими ходимлари билан бундай тренинг ўтказиш аҳамияти шундаки, улар ахборот олиш ва сўз эркинлигини таъминлашнинг муҳим таянчидир. Судьялар олий мактаби ушбу тренингга қизиқиш билдирганидан жуда хурсандмиз. Ишонаманки, ҳамкорлигимиз изчил давом этади. Шунингдек, медиа дастур доирасида прокуратура ҳамда Ички ишлар академияси билан турли ўқув дастурлари, тренинглар ташкил этяпмиз. Дезинформация ва ёлғон маълумотга қарши курашда журналистлар, соҳа экспертлари, медиа ва ахборот саводхонлиги бўйича ўқитувчилар билан бирга ишлаяпмиз. Судьяларни зарур билим ва восита билан таъминлаш орқали янада адолатли, очиқ жамият шакллантиришга ҳисса қўшамиз.
Тренингда онлайн сўз эркинлиги, интернетни тартибга солиш ва сунъий интеллект таъсири мавзулари ҳам кўриб чиқилади. Иштирокчилар ўзлаштирилган тушунчаларни реал дунё тажрибасида қўллаш назарда тутилган амалий тадқиқот ва муҳокамаларда қатнашиш имконига эга бўлади.
– Сўз эркинлиги мавзуси Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги фаолиятида муҳим йўналиш ҳисобланади, – дейди мазкур тузилманинг Ривожланиш бўйича ҳамкорлик бўлими раҳбари ўринбосари Урсула Келлер. – Биз сув муаммоси, инклюзив иқтисодий ривожланиш бўйича фаолият олиб борамиз. Шу билан бирга бошқарув, инсон ҳуқуқи йўналишида ҳам ишлаймиз. Зеро, жавобгарлик ва шаффофлик саъй-ҳаракатимиз асосини ташкил этади. Ишонамизки, UNESCO кўмагида Судьялар олий мактабида амалга оширилаётган ушбу тренинг сўз эркинлиги ва ахборот олиш бўйича Ўзбекистон демократик бошқарув йўлида амалга ошираётган ислоҳотлар жараёнида муҳим ўрин эгаллайди. Бинобарин, сўз ва ОАВ эркинлиги, барча учун очиқ ахборотни таъминлаш ҳар қандай демократик бошқарув тизимининг асосий устунидир.
[gallery-18712]
Тренинг якунида UNESCO томонидан маҳаллийлаштирилган ва маҳаллий ҳамкорлар эҳтиёжига мослаштирилган ресурслардан фойдаланган ҳолда, судьялар учун ахборот олиш ва сўз эркинлигини таъминлаш бўйича ўқув модули ишлаб чиқилади.
Гўзал Сатторова, Аброр Содиқов (сурат, видео), ЎзА