Париж шаҳрида ўтказилаётган ХХХIII ёзги Олимпия ўйинларининг таэквондо WТ бўйича вазни 68 килограммгача бўлган таэквондочилар баҳсида ҳамюртимиз Улуғбек Рашитов олтин медални қўлга киритиб, тарихий натижани қайд этди.
Мамлакатимизда Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган бир қатор спорт турлари орасида таэквондо WТ бўйича қўлга киритилаётган ғалабаларимиз сони тобора ортмоқда ва ушбу спорт тури юртимиз ёшлари ўртасида кенг оммалашаётир.
Кўзларида улкан ғалабалар учқуни порлаётган, ўз олдига улкан мақсадлар қўйган ёш таэквондочилар етишиб чиқмоқда.

Улардан бири икки карра Олимпия ўйинлари ғолиби бўлган Улуғбек Рашитовдир. У 2002 йилнинг 23 март куни Тошкент шаҳрида туғилган.
У болалигидан спортга, аниқроғи, шарқ яккакурашларига қизиқа бошлади. Унинг спортга ошнолигини кўрган отаси 8 ёшида таэквондо спорт тўгарагига олиб борди ва спорт билан шуғулланиши учун барча имкониятларни яратиб берди.
Улуғбек машғулотлар мобайнида мураббийи Павел Хан қўл остида таэквондонинг нозик сир-асрорларини ўрганди. Туман, шаҳар ва республика миқёсидаги турнирларда иштирок этиб, тобланади. Аста-секин нуфузли мусобақаларда ўзини кўрсата бошлайди.

Таэквондочимиз 2017 йил ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионига айланган бўлса, орадан бир йил ўтиб 2018 йилда Аргентинанинг Буэнос Айрес шаҳрида бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги ёзги Олимпиада ўйинларида -48 кг. вазн тоифасида кумуш медални қўлга киритди.
2019 йилда ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида -55 кг. вазн тоифасида олтин медалга сазовор бўлган. Шу йилнинг ўзида Бутунжаҳон ҳарбий ўйинларда -58 кг вазн тоифасида шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
2021 йилда Иорданияда таэквондо бўйича Осиё Олимпия саралаш турнирида Олимпиадага йўлланма олди.

Шу йилнинг ўзида «Токио-2020» Олимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб, ўзбек таэквондочилари ўртасида биринчи олтин медални қўлга киритган спортчи сифатида тарихга кирди. Шунингдек, ўша йили Ислом бирдамлик ўйинларида ғолиб бўлди. Президентимиз томонидан «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан тақдирланди.
2021-2024 йилларга қадар ўтказилган Гран-при, жаҳон ва қитъа чемпионатлари ва нуфузли мусобақаларда ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди. 2023 йил Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинларида барча рақиблари устидан зафар қучган ҳолда мамлакатимизга олтин медаллар билан қайтди.

2024 йилда мамлакатимизнинг етакчи спортчилари қатори Улуғбек Рашитов ҳам ХХXIII ёзги Олимпия ўйинларига қизғин ҳозирлик кўрди. Давлатимиз раҳбарининг «2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган ХХХIII ёзги Олимпия ва ХVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида»ги қарори бу жараённи замонавий талаблар асосида ташкил этишда дастуриламал бўлди.
Олимпия ўйинларига тайёргарлик дастурига мувофиқ, Ўзбекистон таэквондо WТ ассоциацияси минтақавий федерациялар фаолиятини кучайтириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, машғулот ва мусобақаларни замонавий талаблар даражасида ташкил этиш учун шароит яратиш, маҳоратли спортчиларни саралаб бориш тизимини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширди.
ХХХIII ёзги Олимпия ўйинларига пухта тайёргарлик натижасида Улуғбек Рашитов тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси ғолиби бўлди.
Таэквондочимиз мазкур мусобақанинг нимчорак финалида Ло Вай Фунгни (Ҳонг Конг), чорак финалда Лян Юшуайни (Хитой), ярим финалда Хавьер Перес Полони (Испания) таслим этди.
Сўнгги ҳал қилувчи финал баҳсида эса Зайид Карим (Иордания) билан рақобатлашиб, зафар қучди ва Олимпия ўйинларидаги иккинчи олтин медалини қўлга киритди.
Ҳа, Улуғбек Рашитов Олимпия ўйинларида кетма-кет чемпион бўлган илк ўзбек таэквондочисига айланди ва унинг номи мамлакатимиз спорти тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзилди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА