Шу кунларда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловларига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Албатта, сиёсий партияларнинг сайлов кампанияси давридаги иштироки ўзига хос жараёнларни қамраб олади. Ана шулардан бири имзо тўплаш жараёнларидир. Марказий Сайлов комиссияси томонидан партияга имзо варақалари топширилган кундан бошлаб юборилган имзо йиғиш жараёнлари кончилар шаҳри бўлган Олмалиқда ҳам катта уюшқоқлик билан ўтди.
“Металлург” маданият саройида жам бўлган 200 нафардан ортиқ партия хайрихоҳлари мамлакат иқтисодий тараққиётида муҳим ўрин тутган, ўзлари ишонч билдирган партиянинг сайловда иштирокини қўллаб-қувватлаб имзо чекиш жараёнида фаол қатнашди. Имзоларни тўплаш жараёнида сайловчилар томонидан партиянинг ўтган йилларда тадбиркорликни ривожлантириш, олий таълим ва мактабгача таълимда хусусий сектор улушининг ортиши билан юзага келган соғлом рақобат, таълим сифатининг ўсиши, ёшлар ва аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бу борада қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда сайловчилар билан очиқ мулоқотларда кўтарилган муаммоларни ҳал этиш йўналишидаги амалий ишлари алоҳида эътироф этилди.
Кончилар партиянинг бўлажак сайловларда қатнашиши учун имзо чекиш баробарида мамлакатимиздаги барча саноат ходимлари ва юртдошларимизни тадбиркорликни миллий ҳаракатга айлантира оладиган ЎзЛиДеП учун имзо беришга чақиришди.
– Партия “ваъда эмас, натижа, эртага эмас, бугун” шиорини фақат бугун айтмаяпти, – дейди “Олмалиқ КМК” АЖ ходимлари касаба уюшмаси раисининг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Фируза Бозорова. – Хусусан, партиянинг “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови аёлларни тадбиркорликка жалб этишга хизмат қилаётган бўлса, “Дурдона”, “Замонавий бунёдкор аёл”, “Бунёдкор аёллар” лойиҳалари сиёсий етук, Ватанга садоқатли, фидоий ва жамиятда ҳурмат-эътибор қозонган, салоҳиятли опа-сингилларимизни кашф этмоқда. Мен ҳам партиянинг бир неча йиллик аъзоси сифатида хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш йўналишидаги ишларини кузатиб бораман. Партия томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг самарасини опа-сингилларимиз ўзларининг ҳаётларида кўриб, ҳис этишмоқда.
Айтиш жоизки, имзо йиғиш билан боғлиқ барча тадбирлар қонунчиликда белгиланган меъёрларга амал этилган тарзда ўтказилмоқда. Ушбу жараён вилоятнинг барча ҳудудларида қизғин давом этмоқда.
А.Мусаев,ЎзА.