Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши йиғилиши ташкил этилди ва партиянинг сайловда иштирок этиши бўйича қарор қабул қилинди ҳамда тегишли ҳужжатлар Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилди.
Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари рўйхатга олиниб, уларга мандатлар “E-saylov” ахборот тизими орқали электрон шаклда берилди. ЎзЛиДеПнинг ваколатли вакилига партиянинг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи сайловчилар имзосини тўплашлари учун белгиланган намунадаги имзо варақалари топширилди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Жиззах вилоят ҳудудий партия ташкилоти фаоллари томонидан, айни кунларда бўлажак сайловда иштирок этиш учун сайловчилар имзолари тўпланмоқда. Мазкур жараён вилоят ҳудудий партия ташкилотининг 1216 та бошланғич ташкилотларида, фуқароларнинг иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, ташвиқот юритиш ва имзо тўплаш жойларда уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда.
[gallery-18596]
Қонунчиликка кўра сиёсий партиялар битта маъмурий-ҳудудий тузилма (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри)да 40 минг сайловчининг кўпи билан 8 фоиз имзосини тўплаши мумкинлиги белгилаб қўйилган.
Ана шундай имзо тўплаш жараёнларидан бири вилоят марказидаги “Жиззах аккумулятор заводи” АЖда ҳам ташкил этилди. Ушбу жараёнда иштирок этган сайловчилар ЎзЛиДеПнинг ўтган йилларда тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар ва аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда сайловчилар билан очиқ мулоқотларда кўтарилган муаммоларни ҳал этиш йўналишидаги амалий ишларини алоҳида эътироф этди.
Мазкур партия жорий йилги парламент сайловларига ўзининг мутлақо янги стратегияси билан кириб келмоқда. Сайловларга тубдан янгича ёндашишни кўзда тутган ЎзЛиДеП халқнинг ичига янада фаолроқ кириб бориши, уйма-уй юриб, ҳар бир сайловчига партия ғояларини етказишни, уларнинг таклиф-мулоҳазаларини тинглашни мақсад қилиб қўйган.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА.