Фарғона водийсининг туризм марказига айланаётган Хонобод шаҳрида ўтказилаётган “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивали қизиқарли тадбир ва дастурларга бой бўлмоқда.
Фестиваль тадбирларида нафақат андижонликлар, балки республикамизнинг турли вилоятларидан, қўшни Қирғизистон Республикасидан келган меҳмонлар иштирок этаётир.
– Фестивални томоша қилиш учун фарзандларим билан Қирғизистоннинг Аравон районидан келдим, – дейди Иноятхон Акрамова. – Очиғи, Ўзбекистондаги ўзгаришлар, жараёнларни кўриб ҳавасимиз келади. Хонобод шаҳрида халқаро эстрада фестивалининг ўтказилаётганлиги юртингиздаги тинчлик, фаровонлик ва ривожланишнинг бир белгиси. Дунёнинг қатор давлатларидан машҳур эстрада юлдузларининг иштироки эса Ўзбекистон дунёга юз тутаётганлигига бир мисолдир. Айниқса, Хонобод шаҳрида сайёҳлар, туристлар учун яратилган шароитларни, миллий таомларнинг ранг-баранглигини, энг асосийси, юртдаги тинчлик, одамларнинг аҳиллигини кўриб хурсанд бўлдим, ҳавас қилдим.
[gallery-18547]
Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган кўргазмалар, санъаткорларнинг чиқишлари фестиваль меҳмонларига хуш кайфият улашди.
– Келинларим, набираларим билан фестиваль доирасидаги кўргазмалар, тадбирларни катта қизиқиш билан томоша қилдик, – дейди Олтинкўл туманидаги Қипчоқ маҳалласида яшовчи, меҳнат фахрийси Ҳамидахон Долимова. – Гўзал Хонобод шаҳрида ўтказилаётган тадбирлар бу ерга келган ҳар бир кишининг қалбида унутилмас таассуротлар қолдириши аниқ. Қўли гул ҳунармандлар тайёрлаган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, санъаткорларнинг қизиқарли чиқишлари кўнгилларга хушнудлик бағишлайди. Айниқса, турли аттракционлар, ширинлик ва музқаймоқлардан баҳраманд бўлаётган набираларимизнинг хурсандчилигини айтмайсизми.
Фестивалнинг учинчи куни фестиваль меҳмонлари дастлаб андижонлик ҳунарманд ва модельерлар томонидан тайёрланган миллий ва замонавий либослар намойишини кузатди. Шундан сўнг юртимиз эстрадаси юлдузи Райҳон ҳамда жаҳон эстрада юлдузларидан бири Инна (Руминия)нинг чиқишларидан баҳраманд бўлди.
Эстрада юлдузларининг чиқишлари фестиваль меҳмонларида унутилмас таассуротлар қолдирди.
Президентимиз ташаббуси билан юртимизнинг миллий эстрада санъатини дунёга танитиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, мамлакатимиз, хусусан, Хонобод шаҳрининг туризм салоҳиятини тарғиб этиш, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш, қолаверса, юртдошларимизга хуш ва кўтаринки кайфият улашиш мақсадида иккинчи бор ўтказилган “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивали юқори савияда ташкил этилди. Бу нафақат фестиваль меҳмонлари, балки иштирок этган эстрада юлдузлари томонидан ҳам эътироф этилди.
– Мана шундай фестивални ташкил этган Президент Шавкат Мирзиёевга, бетакрор фестивалда иштирок этиш учун таклиф этган ташкилотчиларга раҳматлар айтаман, – дейди Россия эстрада юлдузлари қаторидан жой олган, “Золотой граммофон” мукофоти ва қатор танловлар ғолиби асли озарбайжонлик эстрада қўшиқчиси Жону. – Айниқса, меҳмондўст, санъатсевар ўзбек халқидан, андижонлик мухлислардан миннатдорман.
“Дунё садолари” фестивали доирасида дунё халқлари миллий спорт турлари - этноспорт бўйича паҳлавонлар беллашуви ўтказилганлиги ҳам кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.
Фестиваль миллий қадриятларимиз, анъаналаримизни тарғиб этиш, одамларга хуш ва кўтаринки кайфият улашиш билан бирга, Хонобод шаҳри инфратузилмаси, туризм имкониятларини, шаҳар иқтисодиётини юксалтиришга хизмат қилди. Андижон шаҳри ҳокими Машъалбек Тожибоевнинг таъкидлашича, июль ойида фестивалга тайёргарлик жараёнлари, яъни фестиваль бошлангунга қадар Хонобод шаҳрида савдо айланмаси 6,5 миллиард сўмни ташкил этган. Ваҳоланки, ўтган йили бу кўрсаткич 4,5 миллиард сўм бўлган.
Бир сўз билан айтганда, “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивали Ўзбекистонимизнинг жаҳон саҳнасидаги шуҳрати ва нуфузини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари