Бундан беш ой муқаддам, аниқроғи жорий йил март ойининг илк кунларида XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари ғолиби Диёра Келдиёрова билан суҳбатлашганимизда «Париж-2024» ўйинлари шоҳсупасига кўтарилиш улуғ орзуси эканлигини таъкидлаганди.
Дарҳақиқат, нияти холиснинг истаги ижобат бўлади, деган ҳикмат қанчалик ҳақиқат эканлигига Олимпия ўйинларининг дзюдо мусобақасида Диёра Келдиёрованинг шиддатида, унинг ғалаба сари матонат билан қадам ташлаганлигида гувоҳ бўлдик. Чексиз ифтихорга кўмилдик.
Диёра бу ғалабаси билан минг-минглаб спорт ихлосмандларинигина эмас, балки халқимизни, улуғ мақсад- Янги Ўзбекистоннинг янги ғалабаларини таъминлаш, «бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!» шиори қанчалик ҳаётбахш эканлигини амалда исботлади.
Рости, мамлакатимиз спортчилари орасида авваллари халқаро майдонда жаҳон ёки қитъа чемпионатларида ном қозонган, дунё спорт ихлосмандлари эътиборини ўзига қарата билган хотин-қизларимиз бармоқ билан санарли эди.
Фристайлда Лена Черязова, спорт гимнастикада Оксана Чусовитина, теннисда Ирода Тўлаганова, трамплинда сакрашда Екатирина Хилко, енгил атлетикада Гўзал Хуббиевага ўхшаган 4-5 та спортчиларни халқимиз биларди.
Давлатимиз томонидан хотин-қизлар спортини ривожлантириш, улар орасидан профессионал спортчилар сафини кенгайтиришга берилаётган алоҳида эътибор натижасида кейинги 6-7 йил оралиғида кўплаб спорт турларида жаҳоннинг манаман деган кучли аёл спортчилари ҳисоблашишга мажбур бўлган Ўзбекнинг ўнлаб «Барчиной»лари бўй кўрсатди. Жаҳонда Ўзбекистоннинг ҳам шаҳду шижоати баланд, салоҳияти юқори спортчи қизлари борлигини намойиш этди.
<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/5NId6h0Wvh0" title="Xalqaro dzyudo federatsiyasi reytingini boshqarayotgan O‘zbek qizi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Бугун уларни дунё спорти билади. Маълум бир мусобақаларда уларнинг иштирокини, саралаш баҳсларини кузатиб боради, ўрганади.
Таэквондо бўйича жаҳон чемпиони Светлана Осипова, бокс бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Нигина Ўктамова, енгил атлетикада Шарифа Давронова, Сафина Саъдуллаева, қиличбозликда Зайнаб Дайибекова, дзюдода Диёра Келдиёрова, шахматда Афрўза Ҳамдамова, теннисда Нигина Абдураимова иштирок этаётган мусобақаларда рақиблари, уларнинг мураббийлари янги техник-тактик усулларни қўллашга ҳаракат қилади.
Спортчи қизларимизнинг ҳар бир машғулотини, мусобақаларда иштирокини таҳлил этишади. Буни улар эришаётган натижалар ўзига хослиги билан ўзбек хотин-қиз спортчиларининг жаҳон спорт майдонидаги салоҳиятини кўрсатиб келаётганининг яққол далили, дейиш мумкин.
Улар орасида дзюдо спорт турида катта ютуқларга эришиб келаётган Диёра Келдиёрованинг алоҳида ўрни бор.
Ҳар бир соҳада ва қайсидир йўналишда биринчи бўлиш катта масъулият юклаши билан шукуҳли лаҳзаларни туҳфа этади.
Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида таваллуд топиб, катта спортга кириб келган Диёра шундай бахтга биринчи бўлиб эришган дзюдочи қизларимиздан бири саналади. Ҳозирда дзюдо спорт турида 52 килограмм вазн тоифасида жаҳон рейтингини бошқариб келаётган Келдиёрова илк бор 2013 йили катта спортдаги ютуқни қўлга киритган.
Ўшанда Диёра Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги Осиё ўйинларида 44 килограммда бронза медалига сазовор бўлганди. 2016 ва 2018 йилларда дзюдо бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида бронза медалларини қўлга киритган Келдиёрова Жакартада ўтган ёзги Осиё ўйинларида иштирок этди. 2019 йилда Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра шаҳрида дзюдо бўйича Осиё чемпионатида 52 килограммгача бўлган вазн тоифасида у турнир финалида мўғилистонлик Сосорбарамни мағлуб этиб, олтин медалга эга чиқди.
Италияда ташкил этилган ёзги Универсиада ўйинларида, Хитойнинг Ухан шаҳрида кечган ёзги халқаро ҳарбийлар ўйинларида бронза медалларига мушарраф бўлган Диёра 2021 йили Анталияда уюштирилган «Катта дубулға» турнири финалида испаниялик Эстрелла Лопесни мағлуб этиб, 1-ўринни эгаллаши нафақат Диёра учун, балки Ўзбекистон дзюдоси учун тарихий аҳамият касб этди. Ушбу ғалаба туфайли Диёра Келдиёрова дзюдо бўйича «Катта дубулға» туркумига кирувчи турнирда олтин медални қўлга киритган биринчи ўзбек спортчиси, деган шарафли номга сазовор бўлди.
«Токио-2020» Олимпия ўйинлари иштирокчиси, жаҳон ва қитъа чемпионатлари ғолиби ва совриндорлигига эришган Диёра Келдиёрованинг «Париж-2024» Олимпия ўйинлари ғолиблигига эришиши мамлакатимизда аёллар спортига кўрсатилаётган эътибор, бу йўлда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ёшларимизга давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шарт-шароитлар қанчалик ҳаётбахш эканлигини кўрсатганлиги билан қадрли бўлди.
Ҳозирда 52 килограммда Халқаро дзюдо федерацияси рейтингини бошқариб келаётган «Париж-2024» Олимпиадасининг ғолиби Диёра Келдиёрова билан бундан беш ой муқаддам уюштирган суҳбатимиз билан ЎзАнинг ютуб каналида қайта танишишингиз мумкин.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА