Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ва Қозоғистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди.
Ушбу ҳужжатда дўстона муносабат ва ҳамкорликни янада чуқурлаштириш кўзда тутилган. Жумладан, судьялар мустақиллиги ва дахлсизлигини такомиллаштириш, судья кадрларни тайёрлаш бўйича умумий фаолиятга доир ўқув дастурларни амалга ошириш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш, тажрибалар ҳамда ахборот алмашиш, семинар ва форумлар ташкил қилиш ва бошқа қатор масалалар қамраб олинган.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашида Қозоғистон Республикаси Судьялар олий кенгаши делегацияси билан учрашувда икки қардош давлат ўртасидаги алоқаларнинг жадал ривожи барча жабҳаларда ўз аксини топаётгани қайд этилди.

Меҳмонларга мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, хусусан, профессионал судьялар корпусини шакллантириш, судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш, уларни танлаш ва лавозимга тайинлаш бўйича жорий этилган очиқ ва шаффоф тизим, уларнинг ҳуқуқий асослари ва амалий натижалари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Судьялар фаолияти самарадорлигини электрон рейтинг баҳолаш тизими, унинг мезонлари, кенгаш ҳузуридаги Судьялар клуби, айниқса, клуб электрон платформасининг судьялар фаолияти самарадорлигини янада оширишдаги аҳамияти ва афзалликлари уларда катта таассурот қолдирди.
Дўстона ва конструктив ўтган учрашувда меҳмонлар яқиндагина Қозоғистон Одил судлов академияси ушбу мамлакатнинг Олий суди таркибидан Судьялар олий кенгаши юрисдикциясига ўтказилганини маълум қилиб, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби фаолияти, хусусан, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш борасидаги тажрибалари билан яқиндан танишишга катта қизиқиш билдирди. Мазкур йўналиш ўзаро ҳамкорликнинг истиқболида устувор аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА