
Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида қирғиз театр ижодкорлари томонидан "Сомон йўли" спектакли намойиш этилди.
Атоқли адиб Чингиз Айтматовнинг "Сомон йўли" асари асосида саҳналаштирилган ушбу спектакль Иккинчи жаҳон урушининг оддий одамлар бошига келтирган кулфатлари, энг мураккаб вазиятда ҳам инсонийлик қиёфасини сақлаб қолишнинг муҳимлиги, сабр, ирода ва қаноат ҳақида таъсирли тарзда ҳикоя қилади.

Ўзбекистон давлат консерваториясида эса Қирғизистон халқ артисти, таниқли композитор, мусиқачи, педагог Муратбек Бегалиев иштирокида концерт дастури мусиқа ихлосмандларига ҳадя этилди.
Айтиш керакки, Муратбек Бегалиев қирғиз мусиқа санъатида катта мактаб яратган, ўзининг бетакрор ижод йўлига эга бўлган дарғадир. У яратган мусиқий асарлар миллий руҳ ҳамда замонавийликни ўзида мужассам этгани билан қадрли.

Мусиқий дастур давомида атоқли қирғиз композитори ижодига оид энг сара намуналар томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.
Шунингдек, пойтахтимиздаги "Мовий гумбазлар" хиёбонида қирғиз амалий санъатига оид "Овул" номли кўргазма ва Қирғиз Республикаси санъат усталари иштирокидаги концерт дастури мухлисларга манзур бўлди.

Бу каби мусиқий-маърифий дастурлар дили, тили, анъаналари уйғун бўлган халқларимиз дўстлигининг ёрқин намунаси.
Н.Усмонова,
ЎзА