
Миллий кино санъати саройида Қирғиз Республикаси маданияти кунлари доирасида “Қирғиз кино кунлари” очилиши бўлиб ўтди.
Тадбирга Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази директори Фурқат Усмонов модераторлик қилди.
Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири биринчи ўринбосари Тимурлан Aжималиев ҳамда Ўзбекистон маданият вазирининг биринчи ўринбосари Aвазбек Тожихонов, Кинематографияни ривожлантириш маркази директори Шуҳрат Ризаев икки мамлакат маданий алоқаларининг мустаҳкамланиб бораётгани ҳақида гапирди.

Айтиш керакки, ўзбек ва қирғиз киночилари ҳамкорлиги ўз тарихига эга. Бунинг самараси ўлароқ, биргаликда бир қатор фильмлар яратилган, қирғиз актёрлари юртимиз киночиларининг фильмларида, ўзбекистонлик актёрлар эса қардош халқ фильмларида роллар ижро этишган.
Ҳамкорликда фильмлар яратишга оид ишлар бугун ҳам давом этмоқда. "Сарвқомат дилбарим", "Сўх", "Самарқандда бир куни", "Зомин бургути" каби кинокартиналар шулар жумласидан.

Шунингдек, қирғиз делегацияси вакилларидан Қирғиз Республикаси Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги ҳузуридаги Кинематография департаменти директори Aкжолтой Бекболотов, департамент бош мутахассиси Aйсулу Субаналиева, “Қирғизфильм” Миллий киностудияси директори Aида Усонова, Қирғизистон халқ артисти, кинорежиссёр Aртикпай Суюндуков, “Дарак ири” фильми режиссёри Ойбек Дайирбеков, Қирғизистон Кинематографлар уюшмаси раиси Талай Кулмендеев, Қирғизистон халқ артисти, режиссёр Нурлан Aбдиқодиров кино мухлисларига таништирилди.
Қардош халқ делегацияси вакилларига Кинематография агентлиги директори Шуҳрат Ризаев томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Икки давлат кино соҳаси мутасаддилари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Меморандум кино усталари ўртасидаги ҳамкорликни тобора кенгайтириш, биргаликда фильмлар яратиш, янги ижодий лойиҳалар устида иш олиб боришни кўзда тутади.

Шундан сўнг киноихлосмандлар учун Ойбек Дайирбеков томонидан суратга олинган “Дарак ири” ("Дарахт қўшиғи") фильмининг намойиши бўлиб ўтди.
- Ўзбекистонга келганимдан жуда хурсандман, - деди режиссёр Ойбек Дайирбеков. - Бу диёрни, унинг пойтахтини жуда яхши кўраман. Бугун мухлисларга тақдим этаётган фильмимиз халқ эпоси, достони йўналишида суратга олинган. Унда туркий халқларнинг анъаналари акс эттирилади.
"Дарахт қўшиғи" фильми муқаддас қадриятларнинг оёқ ости қилиниши инсоният бошига кўп кулфатлар келтириши, беғубор туйғулар ҳақида ҳикоя қилиши билан бирга, томошабинни қабиҳлик, хусумат, ёмонликлардан огоҳ этиши билан аҳамиятли.
"Қирғиз кино кунлари" доирасида "Белек", "Теңирберди" каби фильмларнинг намойиши кўзда тутилган.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири