
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида мамлакатимизда бўлиб ўтаётган Қирғизистон маданияти кунлари доирасида “Ўзбекистон ва Қирғизистон маданий алоқалари: умумий қадриятлар, ҳамкорлик тарихи ва истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда Ўзбекистон ва Қирғизистон фан, адабиёт ва санъат соҳаси вакиллари иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тарихи музейини томоша қилдилар.
Таъкидлаш керакки, икки мамлакат ҳам бир кунда – 1991 йил 31 августда мустақилликни қўлга киритган. Дипломатик алоқалар 1993 йилда ўрнатилган бўлиб, шундан бери ўзаро муносабатларни тартибга солувчи 213 та ҳужжат қабул қилинган. Улар орасида 1996 йил 24 декабрдаги Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома ҳамда 2017 йил 5 октябрдаги Стратегик шериклик, дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларацияни алоҳида тилга олиш лозим.
Ўзбек ва қирғиз халқи ўртасидаги дўстлик алоқалари эса асрларга бориб тақалади. Бу дўстлик икки халқнинг адабиётида, санъатида акс этиб келади. Ғафур Ғулом, Ойбек, Миртемир, Абдулла Орипов каби забардаст адиб ва шоирларимизнинг асарлари Қирғизистонда, Чингиз Айтматов, Тўлаган Қосимбеков, Мар Бойжиев, Мурза Ғапаров сингари иқтидорли ёзувчиларнинг китоблари Ўзбекистонда севимли бўлиб кетгани шундан далолат.
[gallery-18345]
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг саъй-ҳаракатлари натижасида икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқалар янги сифат босқичига кўтарилди.
2022 йилда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши таъсис этган Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотнинг биринчи совриндори Чингиз Айтматов бўлгани ва ушбу ёзувчининг номзоди Ўзбекистон томонидан кўрсатилгани икки халқ дўстлигининг яна бир исботидир.
Қирғизистон билан Ўзбекистоннинг маданий ва гуманитар соҳадаги ҳамкорлиги кенгайиб бормоқда. Иккала давлатнинг илмий ва ижодий зиёлилари иштирокидаги маърифий тадбир ва сафарлар кўлами кенгайган. Жумладан, улуғ қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг 90 йиллиги муносабати билан Тошкент шаҳрида унинг бюси ўрнатилди. Ёзувчининг 90 йиллиги ва 95 йиллиги Ўзбекистон ва Қирғизистонда баробар кенг нишонланди. Ўш шаҳридаги Бобур номидаги Ўзбек мусиқали драма театри ҳам икки халқ дўстлигининг рамзи бўлиб қолди. Театр биноси Ўзбекистон томонининг фаол иштирокида реконструкция қилинди, янгиланган бинонинг очилишида ўзбек ва қирғиз санъаткорлари биргаликда спектакль намойиш этди. Айниқса, адабий соҳадаги ҳамкорликни алоҳида таъкидлаш лозим.
2019 йилда Тошкентда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Қирғизистон Миллий Ёзувчилар уюшмаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, ушбу ҳужжат икки томонлама адабий алоқаларнинг ривожланишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу ҳамкорлик қардош халқлар адабиёти, хусусан, бугунги кун адабиёти билан ўқувчиларни яқиндан таништиришга хизмат қилмоқда.
2021 йил февралда Ўзбекистоннинг “Шарқ юлдузи” ҳамда “Жаҳон адабиёти” журналлари ва Қирғизистоннинг “Ала-тоо” журнали ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу икки мамлакат ижодкорлари асарларини ўзбек ва қирғиз тилларида эълон қилиш баробарида ўзбек тилида ижод қилувчи қирғизистонлик шоир ва ёзувчилар асарларини Ўзбекистонда тарғиб қилиш ишларини янада фаоллаштиришга имкон бермоқда.
Бугунги кунда қирғизистонлик ўзбек иждодкорлари Бегижон Аҳмедов ва Авлиёхон Эшон, ўзбек адабиёти тарғиботига катта ҳисса қўшиб келаётган адабиётшунослар Барно Исҳоқова ва Хосият Бекмирзаева, қирғиз ижодкорлари ва таржимонлари Марқабой Аматов ва Нурлан Қалибеков, академик Абдылдажан Акматалиев Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзоси ҳисобланади.
2022 йилда нашр этилган “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлик асарлар мажмуасининг 9 жилди қирғиз адабиётига бағишланган бўлиб, унда қирғиз адабиётининг мумтоз вакилларидан то бугунги кунда фаол ижод билан шуғулланаётган шоир ва ёзувчиларигача қамраб олинган. Тугалбой Сидиқбековнинг “Кўк ялов”, Қосим Сулаймоновнинг “Ваҳшийлар салтанати” романлари мажмуа учун махсус таржима қилинди.
Мажмуага киритилган асарлардан қирғиз ижодкорлари Мурза Ғапаровнинг қисса ва ҳикоялари, Тугалбой Сидиқбеков, Сабир Бурқашев, Қосим Сулаймоновларнинг романлари Ўш вилоятида истиқомат қилувчи ўзбек ёзувчилари томонидан таржима қилиб берилди.
Қирғиз шоир ва ёзувчилари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ўтказган қатор тадбирлар, хусусан, Марказий Осиё ёш ижодкорлари семинар-форуми, “Мумтоз шеърият” халқаро фестивали, Туркий тилли давлатлар ёш ижодкорлари форумида фаол иштирок этган. Яқинда Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид Халқаро Чингиз Айтматов академиясининг фахрий академиги унвонига сазовор бўлди. Қатор ўзбек ижодкорлари халқаро Иссиқкўл форумининг Чингиз Айтматов медали билан тақдирланган.
2024 йилда “Ўзбекистон” нашриётида Чингиз Айтматовнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами чоп этилди. Мажмуанинг 40 фоизи ёзувчи асарларининг илгари эълон қилинмаган янги таржималаридир. Мажмуани “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев ва “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти директори Зуҳриддин Исомиддинов нашрга тайёрлаган.
Адабиёт, дўстлик ва қардошлик байрамига айланган тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо икки давлат ўртасидаги алоқалар янгича сифат боқичига чиққанини таъкидлади.
–Тилимиз, адабиётимиз, маданиятимиз, санъатимиз нечоғли яқинлиги мана шундай тадбирлар давомида яна бир бор намоён бўлмоқда, – деди Минҳожиддин Мирзо. – Мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга оид кўплаб ҳужжатлар имзоланди. Улар орасида Абадий дўстликка оид шартномани алоҳида қайд этмоқчиман. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Чингиз Айтматовнинг 90 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланди. Унинг асарлари кўп жилдли тўплам ҳолида чоп этилди. Ушбу тўпламдаги асарларнинг 60 фоизидан ортиғи янги таржималар экани эътиборлидир.
– Мамлакатларимиз ўртасидаги чегаралар очилиб, дўстлик, биродарлик, қардошлик ришталари тобора мустаҳкамланмоқда, – деди Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирининг биринчи ўринбосари Тимурлан Ажималиев. – Икки халқ ўртасида театр, кино, адабиёт, санъатга оид алоқалар мутассил ривожланмоқда. Бой маданий меросимизни таништириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар изчил давом этмоқда. Дўстлигимиз, қардошлигимиз бардавом бўлсин!
Тадбирда адабиётшунос олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуровга Халқаро Чингиз Айтматов академиясининг фахрий академиги гувоҳномаси топширилди.
– Чингиз Айтматовдек буюк, жаҳон миқёсидаги таниқли адиб номидаги академиянинг фахрий академиги бўлиш мен учун жуда шарафли, – деди Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров. – Мен Чингиз Айтматовнинг таклиф ва тавсияси асосида адибнинг “Қиёмат”, “Қулаётган тоғлар”, “Чингизхоннинг оқ булути” асарларини ўзбек тилига таржима қилганман. Айни пайтда улуғ қирғиз адиби ўз асарларини Суюн Қораев, Асил Рашидов сингари адабиёт фидойиларига ҳам ишониб топширганлар. Айтматовнинг асарлари ўзбек китобхонлари томонидан севиб ўқилади. Икки қардош халқнинг худдики бир ота-она фарзандларидек аҳиллигидан бошимиз осмонларга етди. Чингиз Айтматовнинг инсоният маънавиятини юксалтиришдаги роли юзасидан ҳали кўплаб асарлар яратилади. Унинг ижодий маҳорати, бадиий нафосати ўзбек адибларини ҳам руҳлантирди. Дўстлигимиз ана шундай мулоқотлар билан бойиб бораверади.
Тадбирда сўзга чиққанлар ўзбек ва қирғиз маданий ҳамкорлигининг истиқболлари ва келажакда амалга оширилиши кўзда тутилаётган лойиҳалар ҳақида тўхталди.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА