Мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдоду иқтидорига қанот бўлиш, эзгу орзу-умидлари рўёбига кўмаклашиш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишидир.
Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан вазирлик ва идораларнинг иқтидорли ходимлари хорижда таълим олишлари учун етарли шароит ва имкониятлар яратиб берилган. Мазкур вазифаларни молиялаштириш мақсадида эса «Эл-юрт умиди» жамғармаси ташкил этилган. Таъкидлаш лозимки, хорижий давлатларнинг етакчи таълим муассасаларига ўқишга юборилган ўзбекистонлик талабалар юртимиз номини муносиб тарғиб қилишмоқда.
Қувонарлиси, бугун ҳатто уларнинг фарзандлари ҳам мамлакатимиз байроғини баланд тутмоқда.

«Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиати, Халқаро Энергетика ҳуқуқи бўйича Буюк Британиянинг Ливерпул университетида докторанти Ихтиёр Қўзиевнинг фарзандлари — Нодирабегим Бахтиёрова ҳамда Камронбек Бахтиёров Англиянинг Ноттингҳам шаҳрида ўтказилган «Ёшлар бўйича Шахмат мусобақаси» финалида муносиб иштирок этишди.
Жорий йилнинг 24 март куни Манчестер шаҳрида ўтказилган саралаш босқичида ҳар иккала шахматчимиз
ўз ёш тоифасида 1-ўринни эгаллаб, Англия Ўсмирлар Миллий чемпионати финалида иштирок этиш ҳуқуқи қўлга киритган эди.
5-7 июль кунлари Ноттингҳам шаҳрида ўтказилган Англия Ўсмирлар Миллий чемпионати финалида Нодирабегим Бахтиёрова
16 ёшгача бўлган қизлар ўртасида ғолибликни қўлга киритиб, Англия чемпиони бўлди.
Камронбек Бахтиёров эса мазкур мусобақада 4-ўринни эгаллади. Бундан ташқари, 14 июль куни Ливерпулда ўтказилган шахматнинг блис йўналиши бўйича ўтказилган мусобақада у 1-ўринни қўлга киритди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкин, 2009 йилда туғилган Нодирабегим Бахтиёрова ҳамда 2011 йилда туғилган Камронбек Бахтиёровлар Тошкент Халқаро Шахмат Академияси тарбияланувчилари ҳисобланади. Улар Ўзбекистон ва халқаро даражада ўтказилган мусобақаларда бир неча бор ғолибликни қўлга киритган.
Хусусан, 2023 йилнинг июнь ойида Москва шаҳрида ўтказилган VII Халқаро ўсмирлар ўйинининг шахмат йўналишида Нодирабегим ва Камронбек жамоавий ҳисобда 2-ўринни қўлга киритган. Улар Ўзбекистон Шахмат Федерация аъзоси саналади.
Бугунги кунда мазкур шахматчилар Англиянинг Ливерпул шаҳри Kingʼs Leadership Academy ўқувчиси ҳисобланади ҳамда мунтазам равишда Буюк Британиядаги шахмат мусобақаларида иштирок этиб келишмоқда.
Таъкидлаш лозимки, ўзбекистонлик ёш шахматчилар иштирок этаётган барча мусобақаларда юртимиз байроғи юксакларга кўтарилмоқда.
Абдулазиз Рустамов, ЎзА