Жорий 2024-2025 ўқув йилида олий таълим муассасалари бакалавриати учун кириш тест синовларини адолатли ва шаффоф ташкил этиш ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилдаги тегишли қарорига мувофиқ Қашқадарё вилоятида 6 та бино танлаб олинди.
Хусусан, Қарши олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази спорт манежи 1 минг 860 ўринли, Қарши олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази волейбол зали 450 ўринли, Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти волейбол зали 450 ўринли, Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти дзюдо зали 300 ўринли, Қарши давлат университети спорт мажмуаси 300 ўринли жойлар тайёрланиб, абитуриентлар учун барча қулайликлар яратилди.
Ушбу 6 та бино жами 112 та гуруҳдан иборат бўлиб, бир сменада 3 минг 360 нафар, бир кунда икки сменада 6 минг 720 нафар абитуриент иштирок этиши режалаштирилган.
– Тест жараёнини назорат қилиш учун олий таълим муассасалари, мактабгача ва мактаб таълими тизими ўқитувчи-педагоглардан жами 258 нафар назоратчилар жалб этилди ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги билан шартнома тузиш ишлари якунланди, – дейди Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг вилоят бўлими бош мутахассиси Шароф Эрматов. – Нутқида ва эшитишида нуқсони бор абитуриентларга тест жараёнини тўғри тушунтириб бериш мақсадида 15 нафар сурдо педагоглар жалб этилди ва ушбу сурдо педагоглар билан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан икки томонлама шартномалар имзоланди. Тест синовлари ўтказилиши режалаштирилган барча бинолар ҳудуди ободонлаштирилган, ёритиш, совитиш ва коммуникация тизимлари етарли даражада ўрнатилган, бугунги кунда ишчи ҳолатда келтирилган.
[gallery-18257]
Жорий йилги тест синовларида вилоятдан 80 минг 576 нафар абитуриент иштирок этиши кутилмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари