НАТО саммити
Ҳафтанинг муҳим сиёсий йиғини – Вашингтонда бўлиб ўтган НАТО саммити омадсиз дебатдан кейин Байден ўз сўзини айтиши учун яхшигина минбар бўлди. Афсуски, 81 ёшли сиёсатчи, қайсидир маънода, бу имкониятдан фойдалана олмади. Зеленскийни Россия етакчиси билан адаштириб юборган Президент асосий эътиборини Путинни мағлуб этишга қаратганини айтиб, вазиятни юмшатгандай бўлди. Вице-президент Камала Харрисни эса Трамп билан алмаштирган. Бундай камчиликлар, ҳатто, Байденчиларни ҳам хавотирга қўймоқда.
Учрашув асосан Украина келажаги ва Европа мудофаасига қаратилгани маълум. Зеленский НАТОга аъзоликдан бошқа кўп нарсани қўлга киритган. Жумладан, Қўшма Штатлар ҳаво ҳужумига қарши қуроллантиришни ваъда берган. Айниқса, саммитдан бир кун олдин Украинадаги касалхонага зарба йўллангандан сўнг. АҚШ ва иттифоқчилар Москва билан вазият таранглашган пайт Украинанинг ташкилотга аъзолиги нозик масала эканини айтган. Европа Иттифоқи хулосасига кўра, бунга ҳали эрта. Шунингдек, Зеленский АҚШ қуролларидан Россияга зарба бериш учун барча чекловлар олиб ташланишини талаб қилган. Бунга АҚШ тўла рухсат берганича йўқ. Буюк Британия янги Бош вазири эса бу Киевнинг хоҳишига боғлиқлигини айтган.
Энди анжуман натижасида имзонланган муҳим ҳужжатларга тўхталамиз.
Оқ уй 2026 йилдан бошлаб Германияга узоқ масофага учадиган ракеталар жойлаштирилишини маълум қилди. Ҳозиргача мамлакатда бундай турдаги қуроллар мавжуд эмас. Мазкур миссияга НАТО генерали раҳбарлик қилади.
НАТО саммити чоғида қабул қилинган ушбу қарор Россия ҳужумидан ҳимояланиш учун муҳим ҳисобланади. Германия Канцлери ҳам айни режани қўллаб-қувватлаб, бу урушнинг олдини олишда муҳим қадамлигини таъкидламоқда.
Германияликлар жараёндан норози, ҳолат уларга “совуқ уруш” аломатини эслатяпти. Ҳатто, Шольц партиясидаги сиёсатчилар ҳам ракета жойлаштирилиши Германияни уруш театрига айлантиришдан хавотирда. Кремль бунга нисбатан оқибати ёмон бўладиган жиддий воқеалардан огоҳлантирди. “Совуқ уруш сари ишончли қадам ташламоқдамиз”, деган Песков.
Альянс Россиянинг Беларусь, Шимолий Корея ва Эрон билан яқинлашуви Евроатлантика хавфсизлигига жиддий зарар етказишини айтиб, Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари билан шерикликни янада чуқурлаштириш, Ғарбий Болқондаги иштирокни Косово кучлари ёрдамида давом эттиришга содиқлигини маълум қилган.
НАТО “тинчликни қўллаб-қувватлаш” ниятида Яқин Шарқ ва Африкада кучини оширади. Блок эълон қилган қўшма декларациясида бутун дунё Россияга ёрдам бермасликка, РФга кўмаклашаётган ҳар бир мамлакатни қоралашга чақирилган.
Саммитда НАТО мамлакатлари мудофаа ҳаражатини ЯИМнинг камида 2 % миқдорида сақлаб қолиш мажбуриятини зиммасига олган.
НАТО саммити якуний декларациясида альянс аъзолари Хитойни стратегик таҳдидни камайтириш учун мулоқотга чақирган. Европа Иттифоқи Россия ва Украина урушида Хитойнинг таъсири катта эканини билади ва Ғарбга бу орқали тизимли зарар етказмоқчи, деган фикрда.
Виктор Орбаннинг тинчлик миссияси
Маълумки, Венгерия айни пайт Европа Иттифоқига раислик қилмоқда. Шу аснода Бош вазир Виктор Орбан Украинадаги урушни тугатиш учун Киев, Москва, Пекин ва НАТО саммитидан сўнг АҚШ Президенти Байден қолиб, Оқ уйнинг собиқ раҳбари Трамп билан учрашган. Орбан Трамп иккинчи президентлик даврида урушни тугатишга ваъда берганини айтган.
НАТО таркибидаги иттифоқчилари Орбаннинг ҳаракатидан норози. Европа Иттифоқи давлатларининг кўплаб етакчилари ҳам Украинадаги уруш бўйича муҳокамаларда Орбан иттифоқ номидан гапиришга ҳаққи йўқлигини иддао қилишди.
– Менимча, халқаро ҳуқуқни бузаётган авторитар режим билан суҳбатлашишдан маъно йўқ, – деган Финляндия Президенти Александр Стубб.
– Ҳамма раҳбар ҳам музокара олиб боравермайди. Бунинг учун одамда қандайдир куч бўлиши керак, – деди айни мавзуга тўхталиб Зеленский НАТО саммитидаги матбуот анжуманида.
Орбаннинг тинчликка эришиш борасидаги саъй-ҳаракати ҳақида сўралганда, Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Украина Киев иштирокисиз тинчлик келишуви бўйича музокара олиб боришга уринишдан ҳавотирда эканини айтган:
– Украинанинг розилигисиз ёки кўмагисиз амалга оширилаётган ҳар қандай авантюризм бизнинг сиёсатимизга, АҚШ ташқи сиёсатига зид.
Ғазодаги вазият
Қўшма Штатлар раҳбари айтишича, Исроил ва ҲАМАС ўт очишни тўхтатиш тамойили юзасидан келишиб олган. Афсуски, ғазоликлар ҳамон ўқ ва таҳдид остида.
Ғазо маҳаллаларида ҳаддан ташқари кўп эвакуация қилиш ҳолати кузатиляпти. Минглаб фаластинликлар тез-тез кўчяпти. Якшанба куни Исроил ҳарбийлари Ғазо шимолидаги Туффоҳ, Дарож ва Эски шаҳар маҳаллаларини зудлик билан эвакуация қилишга буйруқ берган.
<iframe width="853" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/VRb7W0FhoBw" title="Erdogʻanning chaqirigʻi, NATOdagi vaʼdalar va Baydenning xatosi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
10 июль куни Ғазо жанубидаги мактаб яқинида, қочқинлар лагерига уюштирилган ҳужум туфайли камида 29 фаластинлик ҳалок бўлди. Ўнлаб одам яраланди.
НАТО аъзоси бўлган Туркия Фаластинда кенг қамровли ва мустаҳкам тинчлик ўрнатилмагунча, альянс доирасида Исроил билан ҳамкорлик қилиш ташаббусини маъқулламаслигини билдирди. Бу ҳақда Президент Режеп Таййип Эрдоған НАТОга аъзо Давлат ва ҳукумат раҳбарлари саммитидан сўнг уюштирилган матбуот анжуманида сўз очди.
“Дунё ҳамжамияти фаластинлик тинч аҳолига қарши ҳужумларни тўхтатиш учун олдинга чиқаётган бир пайтда Исроилга ҳарбий ёрдам кўрсатишни давом эттиришни мутлақо қабул қилиб бўлмайди”, деган Эрдоған.
Сардорбек Поёнов, Искандар Исматов (видео), ЎзА.