Бугунги кунда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан аҳолини барқарор табиий газ билан таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан АСКУГ тизимининг жорий қилиниши таъминотчи ва истеъмолчи учун катта қулайликлар яратди.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ Рақамлаштириш бўлими бошлиғи Нурбек Дўстов тизимда амалга оширилган ишларнинг амалий натижалари ҳақида гапириб берди:
–Президентимизнинг 2020 йил 24 сентябрдаги “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизими” (АСКУГ) ҳаётга татбиқ этилди.
Бугунги кунда ушбу тизим билан 4,2 миллион табиий газ истеъмолчилари қамраб олинди. Натижада истеъмолчиларга қўшимча қулайликлар яратилиб, бюрократик тўсиқлар бартараф этилди ва аҳолининг оворагарчиликларига, яъни газ таъминоти бўлимларига қатнаш, тўлов учун узун навбатларда туриш, абонент дафтарчаларини юритиш, ҳисоблагичларни текширувдан ўтказиш, нотўғри ҳисобланган қарздорликлар ва бошқа мураккаб жараёнларга барҳам берилди.
Соҳадаги барча хизматлар онлайн режимга ўтказилиб, истеъмолчи ва газ етказиб берувчи ўртасидаги муносабатларда шаффофлик таъминланди ҳамда фуқароларда истеъмол маданияти кун сайин ортиб, “зангори” ёқилғидан оқилона фойдаланишга ва аҳоли ўртасида энергия тежовчи технологияларни турмушга жорий этиш масалалари кенг оммалашишига эришилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрелдаги қарорига мувофиқ, ёқилғи-энергетика ресурсларининг 2024-2025 йилларда босқичма-босқич ўзгарадиган янги нархлари ҳамда шу йилнинг 1 май санасидан аҳоли учун электр энергияси ва табиий газ бир ойлик истеъмолининг базавий меъёрлари тасдиқланди. Унга кўра, ойлик базавий меъёрлар тасдиқланди. Маиший истеъмолчилар учун бир ойлик базавий меъёр иситиш мавсумида (ноябрь–февраль ойлари) 500 метр куб, иситиш мавсумидан ташқарида (март–октябрь) 100 метр куб этиб белгиланди.
Ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида АСКУГ тизими юқоридаги базавий меъёр бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширишга мослаштирилди. Июнь ойидан бошлаб истеъмолчиларга СМС хабарномалар юбориш йўлга қўйилди. Унда жорий ойда истеъмол қилинган табиий газ ҳажмлари ҳақида маълумот юборилади. Шунингдек, базавий меъёрдан ортиқча ишлатилган газ ҳажмлари бўйича маълумотлар алоҳида СМС хабарнома тарзида тақдим этилади.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан hududgaz.uz сайтининг бош саҳифасида “Табиий газ истеъмол калькулятори” ишга туширилди. Бу орқали фуқаролар истеъмол қилинган табиий газ учун амалдаги тарифлар бўйича қиёсий ҳисоб-китобларни амалга ошириши мумкин бўлади.
Таъкидлаганимдек, биз газ харажати калькулятор тизимини жорий этдик. Бу тизим Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида кўрсатиб ўтилганидек, иситиш мавсуми ва иситиш мавсумидан ташқари даврда ҳисоб-китобни амалга ошириш ва кузатиб туриш имкониятини яратади ҳамда янги тарифлар бўйича тўловлар жараёнини амалга оширишга хизмат қилади.
[gallery-18224]
Масалан, тизимга кириб, иситиш мавсумини белгилайдиган бўлсак, унда 500 метр куб норма белгиланган. Бу 650 сўмдан ҳисобланади. Истеъмолчи шу асосда ўзининг ҳисоб-китобини қилади ва ўзининг газ истеъмол қилган жараёнини кузатиб боради. Худди шу каби истеъмолчилар иситиш мавсумидан ташқари ҳам тўлов ҳисоб-китобида ушбу тизимдан фойдаланиши мумкин.
Бундан ташқари, ушбу тизим орқали онлайн шартнома тузилади. Шартнома уч кун муддатда кўриб чиқилади. Истеъмолчи тўловлар ва бошқа барча маълумотларни ўзининг шахсий кабинетидан олади. Улгуржи истеъмолчиларнинг барча жараёнлари ҳам шу тарзда амалга оширилади. Ушбу тизим очиқ ва шаффофлиги ҳамда инсон омилининг аралашувига барҳам берилгани билан янада аҳамиятлидир.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.