Мониторинг натижасига кўра, улар инсон ресурсларини бошқариш фаолиятини рақамлаштириш масаласида сусткашликка йўл қўйган.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги қонун, Президентнинг ПФ-76-сонли Фармони ҳамда ПҚ-300-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида хорижий илғор тажрибалардан келиб вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ижро ҳокимликларидаги инсон ресурсларини бошқариш фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш мақсадида hrm.argos.uz — инсон ресурсларини бошқаришнинг ягона электрон ахборот тизими жорий этилди.
Натижада вакант лавозим учун ўтказилаётган танловдан тортиб, кадрларга оид барча ҳужжатларни юритиш фақатгина hrm.argos.uz платформасида амалга ошириладиган бўлди.
Бунинг учун платформа vacancy.argos.uz, zaxira.argos.uz, samaradorlik.uz, e-qaror.gov.uz, e-huquqshunos.uz дастурий таъминотлар билан интеграция қилинди. Шунингдек, my.mehnat.uz, edo.ijro.uz ва UzASBO тизимларига ҳужжатлар автоматик равишда юборилиши таъминланди.
Давлат органларида hrm.argos.uz электрон платформасини юритиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 492-сонли қарори билан тасдиқланиб, 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб HRга оид барча ҳужжатларни hrm.argos.uz платформасида шакллантириш ва юритиш учун давлат органлари раҳбарларининг шахсан масъуллиги белгиланди.
Агентликнинг Самарқанд вилояти филиали томонидан ҳам вилоятдаги давлат органларининг инсон ресурсларини бошқаришга оид маълумотлари ва ҳужжатларини платформада ўз вақтида шакллантирилиши ҳамда юритилиши доимий мониторинг қилиб келинмоқда, дея хабар берди Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг матбуот хизмати.
Қайд этилишича, 2024 йилнинг ўтган 6 ойи давомида ўтказилган мониторинг натижасига асосан, белгиланган қарор талабларига риоя қилмаган ҳамда сусткашликка йўл қўйган Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги 5 та вилоят бошқарма бошлиқлари, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармасининг 13 та, Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг 8 та ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасининг 9 та туман (шаҳар) бўлим бошлиқлари, жами 35 нафар раҳбарлар 64,6 млн сўм миқдорда маъмурий жаримага тортилган.
Жараён давом этмоқда.
ЎзА