Бугун Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ ташкил топган кун.
Туркий халқларнинг маданияти, санъати, анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш, ўрганиш ва кенг тарғиб этишда муҳим ўрин тутувчи мазкур ташкилот 1993 йил 12 июлда Олмаота шаҳрида Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркия ва Туркманистон ўртасидаги келишув натижасида таъсис этилган эди.
Мамлакатимизнинг ТУРКСОЙ билан ҳамкорлиги, айниқса, охирги йилларда, яъни ислоҳотларнинг янги даврида мутлақо янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистон ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиб кирди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг туркий халқлар ўртасидаги биродарлик, ҳамжиҳатлик, дўстлик, аҳилликни янада мустаҳкамлашга доир эзгу ташаббуслари халқаро миқёсда ҳам юксак эътироф этилди. Шу асосда янги ғояларга асос солинди.
Мамлакатимиз ва туркий давлатларда адабиёт, маданият ва санъат, кинематография, тасвирий ва амалий санъатга тааллуқли бир-бирини такрорламас фестиваллар, анжуманлар, ижодий танловлар, кўргазмалар кенг қулоч ёзди. Булар шунчаки тадбир эмас, балки тили, дини, анъаналари, қарашлари муштарак халқларни бир-бирига янада яқинлаштиришнинг ўзига хос воситасидир.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон ТУРКСОЙ билан ҳамкорликда қатор лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириб, турли маданий тадбирларни ташкил этиб келмоқда. Ўтган йили ТУРКСОЙнинг 30 йиллик юбилейи юртимизда тантанали равишда нишонлангани ҳам ўзаро муносабатларимиз нақадар юксак эканини яққол ифодалайди.
Н.Усмонова, ЎзА